КАВКАЗ МИНЕРАЛ СУВЛАРИ — Кавказ тоғларининг ён бағирлари ва РФнинг Ставрополь ўлкасида жойлашган бальнеологик курортлар р-ни (1803 й. вужудга келган). Иқлими мўътадил тоғдашт иқлими. Ҳавонинг ўртача т-раси 7,8° дан 8,6° гача. Йиллик ёғин 600 мм. Бу ҳудудда турли-туман ва серсув минерал булоқ кўп. Машҳур Пятигорск, Кисловодск, Ессентуки, Железноводск курортлари Катта Кавказнинг шим. тоғ олдида ва кисман Ставрополь қирларига туташган платода жойлашган. Плато оҳактош, қумтош ва б. чўкинди жинслардан тузилган моноклиндан иборат бўлиб, уни магмалар ёриб чиққан. Магмалар гумбазсимон тоғ (лакколит)лар — Бештов, Мошиқ, Темиртов ва б. ни ҳосил қилган. Тоғ тизмаларида палеозой токембрийнинг метаморфлашган сланецлари очилиб қолган. Чўкинди жинслар йирик артезиан сувли ён бағирни ҳосил қилган. Сув, асосан, энг қад. метаморфик жинсларнинг ер юзасига чиқиб қолган жойларида тўпланган. Асосий сувли қатламлар — титан-валанжин, аптальб, юқори бўр, кисман юра ва палеоген ётқизиқларига мансуб. Минерал сувлар мезокайнозой чўкинди ҳосилаларининг анча чуқурликда ётувчи бўлакларга ажралган зоналарида ва тектоник бузилишлар ҳамда интрузияларнинг чўкинди жинслар билан туташган жойларида тўпланган. Булар ион таркибининг минераллашуви ва т-раси турлича бўлган карбонат ангидридли, камроқ ҳолларда водород сульфидли ва радонли сувлардир. Булардан ташқари, минерал таркиби турли-туман бўлган булоқ ҳам кўп. Нарзан типли булоқлар Кисловодск, Эльбрус тоғи ён бағри, Тоғли Осетия ва б., азотли, гидрокарбонатли булоқлар Олга, Геленжик, Новороссийскда, карбонатли нордон сувлар Боржоми, Дилижон, Жермук, Иссиқсув, Жулфа, Арзнида жойлашган. Барча курортлар учун шифобахш балчиқ Тамбукан кўлидан олинади.
Минерал сувлар ёрдамида таянч ва ҳаракат, овқат ҳазм қилиш органлари, қон айланиш, юрак-томир ва нерв системаси, тери, жигар, нафас олиш, сийдик чиқариш, ўт йўллари, гинекологик ҳамда модда алмашинуви бузилиш касалликлари даволанади.