КАВАРДОН

КАВАРДОН — қад. шаҳар харобаси (мил.1 —13-а. боши) Тошкент ш. дан 25 км шаркда, Чирчиқнинг чап қирғоғидаги қад. ўзани соҳилидаги (ҳоз. Қорасув ва Ҳамдам канали ёқалари) ҳоз. Кавардон қишлоғи майдонида, Юқори Чирчиқ ва Паркент туманлари чегарасида жойлашган. Шаҳарнинг умумий майд. 75 га тенг бўлиб, шаҳристон ва аркдан ташкил топган. Шаҳарни бир неча дарвозалари бўлиб, улар орқали йўналган кенг кўчалар марказга олиб борган. Араб тарихчиларидан Истахрий, Муқаддасий (9—10-а. лар) асарларида бу шаҳар «Кабрана», «Кабарна» деб тилга олинган. Ёдгорлик харобалари илк бор 1972 й. Ҳамдам каналини таъмирлаш ишлари вақтида Ю. Ф. Буряков раҳбарлигидаги Чоч-Илоқ отряди томонидан аникланган. 1973 й. дан танаффуслар билан археологик қазишма ишлари олиб борилган. 2001 й. дан эса Ў. Исломов бошчилигидаги Паркент отряди қазишма ишларини давом эттирмоқда. Қазишмалар натижасида шаҳар аркининг (ҳоз. унинг харобалари Хонтепа деб аталади) шим. даги пастки маданий қатламлардан Бурганли маданиятита оид (мил. ав. 8—7-а. лар) ертўла, ўчоқ харобалари, уй-рўзғор идишлари (кўза, товоқ, қозон каби) парчалари топилган. Кейинги қатламлардан олинган маълумотлар бу ёдгорликка қандайдир сабабларга кўра, узоқ муддатли танаффусдан кейинги ҳаёт мил. 1—2-а. лардан бошланганлигидан далолат беради. Шаҳар арки тўғри тўртбурчак (60х50х14 м) шаклда, маданий қатлами 8 м га яқин, шим. ва жан. томондан дарвозалари бўлган. Қазишма натижасида пахса ва хом ғиштдан қурилган бир нечта хонали ибодатхона бўлганлиги аниқланди. Ибодатхонанинг бир катта зали марказида оташгоҳ қолдиқлари топилди. 3—4-а. ларга оид бу ибодатхона харобага учрагач, унинг ўрнида кейинги асрларда янги ибодатхона қурилган ва у ҳам кучли ёнғин натижасида вайрон бўлгач, унинг ўрнида 8 та тўғри тўртбурчак хоналардан иборат бўлган новус қурилган. 5—6-а. ларда шаҳар мавқеи пасайган. Шаҳар майдонида бу даврларда турли кўринишлардаги новуслар (оташпарастларнинг қад. мақбаралари), кенотафлар пайдо бўлган. Улар ичида, арк харобаларида кўп хонали новус ўзига хосдир. Уни бўйи 19 м, эни 17,5 м бўлиб, ташқи деворларининг қалинлиги 3 м, ички деворлари 1,5 м дан бўлган. Барча қурилган бу хилхоналар пахса, хом ғиштдан ишланган бўлиб, ғиштлар устига турли белгилар бармоқ ёрдамида чизилган. 7—8-а. бошларида шаҳар Чоч вилоятидаги йирик шаҳарлар қаторидан жой олган, танга пуллар зарб қилина бошлаган, шундай ноёб мис тангаларнинг бирини (айланаси 20 мм, оғирлиги 1,6 г) олди томонида тож кийган ҳоким, уни айланаси бўйлаб 15 ҳарфдан иборат бўлган «Кавирад Кабарна ҳокими» деган жумла суғд ёзувида битилган. Кавардонда кулолчилик соҳасида юқори ютуқларга эришилганлигидан ва бу мақсулотга бўлган талабни ички ва ташқи савдода ўсиб борганлигидан далолат беради. Кавардон 13-а. бошида мўғуллар томонидан вайрон қилинган.

Ўткир Алимов, Кобил Алимов.