КАТТАТЕПА — ўрта аср шаҳар харобаси (7—12-а. лар). Шеробод (Сурхондарё вилояти)дан 7 км. жан.-ғарбда жойлашган. Майд. 20 га. Термиз вилоятидаги илк ўрта асрларга оид энг йирик шаҳар харобаси ҳисобланади. Каттатепа 3 қисм ва рабоддан иборат бўлиб, уларнинг барчаси мудофаа девори билан ўраб олинган. Бу ердан 7-а. охири — 8-а. 1-ярмига оид сопол парчалари топилиб, уларда Қуръон оятлари битилган. Э. В. Ртвеладзенинг фикрича, Каттатепа ўрнида илк ўрта асрларда Хушвароғ ш. жойлашган. Хушвароғ атрофи 3 қатор мудофаа деворлари билан ўралган йирик шаҳар бўлиб, араблар истилосидан аввал Шерободдарё ҳавзасидаги Куфтон рустоқининг маркази ҳисобланган. 5—8а. ларда шаҳарнинг ўз зарбхонаси бўлиб, фақат Шерободдарё ҳавзасида муомалада бўлган кумуш ва мис тангалар зарб этилган. 8-а. нинг 1-ярмида Хушвароғ ш. араблар томонидан вайрон қилинган, лекин бир оз вақтдан сўнг, Абу Муслим даврида Ҳошимгирд номи билан қайта тикланган. 11 — 12-а. манбаларида Ҳошимгирд қайд этилмаган. Каттатепа даги ҳаёт бу даврга келиб сўнган, унинг аҳолиси эса Шеробод атрофидаги кушонлар даврига оид Кофирқалъа шаҳар харобаси арки ўрнида вужудга келган янги қишлоққа кўчган.
Ад.: Камалиддинов Ш. С., Историческая география Южного Согда и Тохаристана по арабоязычным источникам IX — начала XIII вв., Т., 1996.