КАТТА СУВАЙИРҒИЧ ТИЗМА

КАТТА СУВАЙИРҒИЧ ТИЗМА — Австралиянинг шарқий ва жан.-шарқий соҳили бўйлаб 4 минг км га чўзилган тоғ тизмаси. Катта сувайирғич тизма неоген-антропогенда кўтарилган. Тоғлар, асосан, палеозой, қисман, мезозой жинсларидан тузилган. Тизманинг марказий қисмида нефть ва газ конлари, ғарбий ён бағрида қалай, полиметалл рудалари, олтин, мис, Ньюкасл ва Вуллонгонг ш. лари атрофида йирик тошкўмир конлари топилган. Катта сувайирғич тизманинг 28° ж. к. дан шим. даги қисмининг кенглиги 650 км га етади, ўртача бал. 1000 м. 28° ж. к. дан жан. да Катта сувайирғич тизма ст. айрим тизмалардан иборат. Австралия Альп тогларининг чўққилари (Косцюшко тоғи, 2230 м ва б.) Австралиядаги энг баланд чўққилардир.

Катта Сувайирғич Тизма субэкваториал, тропик ва субтропик минтақаларда жойлашган. Йиллик ёғин шарқий ён бағирларида 1000 — 2000 мм, ғарбий ён бағирларида 500 — 700 мм. Ўртача ойлик т-ра шим. дан жанубга томон пасайиб боради: езда 26—27°, қишда 17—10°.

Катта сувайирғич тизманинг ғарбий ён бағридан Муррей ва Дарлинг дарёлари бошланади. Шарқий ён бағри ўрмон билан қопланган. 1000 м баландликкача доим яшил, сернам ва эвкалиптли тропик ўрмонлар ўсади. Австралия Альп тоғларида паст бўйли дарахтлар, 1600—2000 м дан юқорида ўтлоқлар бор. Ўрмонларда коала, кускус, дарахт кенгуруси, жаннат қуши, лирақуш, казуар, тўти ва б. яшайди.