КАТТА ҚАНОТЛИЛАР, учар ит лар, учар тулкилар (Megachiroptera) — қўлқанотлилар кенжа туркуми. Йирик (танасининг уз. 6 см дан 40 см гача, қанотлари ёйилганида 1,7 м гача) бўлиши б-н бошқа қўлқанотлилардан фарқ қилади. Қўлқанотлиларнинг энг йириги. Олдинги оёқ панжасининг I ва II бармоқларида тирноқлари бор. Кўпчилигининг думи бўлмайди. Тиш бўртиғи ясси, ўсимликхўр ҳайвонларникига ўхшаш. Қулоқ супраси четлари ёпиқ бўлиши б-н кўршапалаклардан фарқ қилади. Кўзлари яхши ривожланган. Эхолокация хусусияти фақат учар тулкиларда аниқланган. Эхолокацион сигналлар кўршапалакларникига ўхшаш бўғизда эмас, балки тили орқали генерацияланади. Битта оила, 50 га яқин уруғ ва 150 турни ўз ичига олади. Шарқий ярим шарнинг тропик ва субтропик ҳудудларида (Шим. да Мисргача), Жан. Японияда тарқалган. Кунду-зи дарахтларнинг шох-шаббалари орасига, баъзан, ғорлар ва ғояларнинг ёриғига яшириниб олади. Колония бўлиб (баъзан, бир неча минг индивидлардан иборат) яшайди. Асосан, мевалар билан озиқланади. Кўпчилик майда Катта қанотлилар гуллар чанги ва нектар билан озиқланиб, тропик ўсимликларнинг чангланишида иштирок этади. Мевахўрлари айрим ҳудудларда бирмунча зиён етказади. 4 тури Халқаро Қизил китобга киритилган.