КАТТА ЎЙИН — Фарғона рақс мактабига хос қад. профессионал мумтоз рақс туркуми ва ижро усули. Улкан сюжет, ҳаётбахш чуқур мазмунга эга бўлган Катта ўйин туркумидаги рақсларда лирик, қаҳрамонлик ва ҳаётий мавзулар акс эттирилган. Катта ўйинда ҳар бири алоҳида мазмун ва ижрочилик услубига эга бўлган 60 дан ортиқ рақс усули мавжуд бўлиб, улар асрлар давомида такомиллашиб борган. Бизгача бир неча усули етиб келган: дилдир, қўшқарс, яккақарс, ўтиш қисми, шоҳ, оқсатма, гул ўйин, жилва рези, дучарх, дучава, чорқарс, усули ҳаққоний, занг ўйин ва б.
Катта ўйин рақсларининг кўпчилиги, узоқ вақт ижро этилиши билан бошқа рақслардан фарқ қилади. Бу туркумга кирган рақсларнинг ҳар бири маълум бир маъно, пластик ифода ва ижрочилик услубига эга бўлганидан алоҳида ҳам ижро этилаверган.
Қадимда Қўқонда Катта ўйиннинг истеъдодли кашфиётчилари, ижрочилари бўлган. Кейинчалик Катта ўйин туркумига кирган айрим рақсларнинг такомиллашувида Уста Олим Комилов, Тамарахоним, Р. Каримова каби санъаткорларнинг хизмати катта бўлди.
Ад.: Каримова Р., Ферганский танец, Т., 1973.
Любовь Авдеева.