КАТТА ҲАВЗА — АҚШнинг ғарбидаги тоғлик. Ғарбдан Сьерра-Невада, Каскад тоғлари ва шаркдан Қояли тоғлар оралиғидаги берк ҳудудларни ўз ичига олган. Майд. 500 минг км2 дан кўпроқ. Қисқа тизмалар (бал. 3000 м гача) ва ўзаро туташ кенг сойлик (ҳавза) лар бор. Рельефи кайнозойда, замини токембрий-мезозойда шаклланган. Кайнозойда вулканлар отилиб турган. Сойликларнинг кўпчилиги тектоник йўл билан вужудга келган ва тош, қум-гил қатламлари б-н тўлиб қолган. Мис, молибден, полиметалл, симоб, калий тузи ва б. фойдали қазилма конлари бор. Иқлими кескин континентал, катта қисмида субтропик, шим. да мўътадил иқлим. Ёз иссиқ, булутсиз, қиш совуқроқ, тез-тез туман бўлиб туради. Июлнинг ўртача т-раси 20—22°, янв. ники — 0—2°. Йиллик ўртача ёғин 200 мм, айрим сойликларда 100 мм, тоғларнинг ғарбий ён бағрида 500 мм. Энг катта дарёси — Гумбольдт. Йирик кўллари: Катта Шўр кўл, Пирамидалар кўли, Севир, Юта. Сув таъминотида артезиан қудуқлар муҳим роль ўйнайди. Қўнғир, бўз тупроқлар, шўрхок ва шўртоблар, тоғ-қўнғир тупроқлари кўпроқ. Ҳудудининг катта қисми чала чўл. Бошоқлилар, кактус, агава ўсади. Серёғин тоғ ён бағирлари қарағай-арча ўрмонлари билан қопланган. Ҳайвонлардан судралиб юрувчилар кўпроқ. Сув бор жойларда деҳқончилик қилинади.