КАТТА ФАРҒОНА КАНАЛИ

КАТТА ФАРҒОНА КАНАЛИ, У с м о н Юсупов номидаги Катта Фарғона канали — Фарғона водийсида қурилган энг йирик гидротехника иншоотларидан бири. Ўзбекистон (283 км), Тожикистон (62 км) ва Қирғизистон (13 км) ҳудудидан ўтади. Водийни шим.-шарқдан жан.ғарбга кесиб ўтган. Асосий ўзани уз. 350 км. Вегетация даврида Норин (420 м3/с), Қорадарё (100 м3/с), Сўх (12 м3/с) дарёларидан 532 м3/с сув олади. Канал трассаси 2 трактдан иборат. Юқори Норин тракти (44 км) Норин дарёси (Учқўрғон ш. яқини)дан бошланиб, Куйганёргача етиб боради. Қуйи Қорадарё тракти (301 км) Қорадарёга қурилган Куйганёр тўғонидан бошланиб Сирдарё билан деярли параллел ҳолда жан. да Тожикистон Республикаси Хўжанд ш. яқинигача (Қайроққум сув омборидан қуйироқда) давом этган. 1939 й. авг. да халқ ҳашари б-н жуда қисқа муддатда (45 кунда) қуриб, битказилди. 1940 й. да Тожикистон ҳудудида яна узайтирилди (сув ўтказиш имконияти 150 м3/с). Канал қурилишида 160 минг киши қатнашди. 270 км ли трассада 17,8 млн м3 тупроқ қазиб чиқарилди (шундан фақатгина 1,7 млн. м3 тупроқ механизмлар ёрдамида қазилган). Ишлар оғир бўлган участкаларда 14 экскаватор, 245 трактор, 420 автомашинадан фойдаланилди, 42,2 минг м3 бетон ишлари бажарилди. 45 йирик ва 275 майда гидротехника иншооти қурилди. Канал 1953 — 62, 1964 ва 1967 йларда реконструкция қилинди. Уз. 345 км га, сув сарфи 180 м3/с, энг жадал сув сарфи 211 м3/с га етказилади. Ўзбекистон ва Қирғизистон, Тожикистонда 500 минг га суғориладиган ерларнинг сув таъминоти яхшиланди, янги ерларни ўзлаштириш имконияти пайдо бўлди. Каналда 1000 дан ортиқ гидротехника иншооти (шулардан 50 таси йирик), жумладан, 9 тўғон, максимал ялпи сув олиши 162 м3/с бўлган 258 сув чиқаргич, 7 ташлама, 8 акведук барпо этилган. Каналдан транспорт ўтиши учун 101 кўприк қурилган. Сел, ташлама ва суғориладиган майдонлардан чиқадиган дренаж сувларини оқизиб юбориш учун каналнинг чап томонидан коллекторлар ўтказилган, ўнг томондаги дренаж сувлари эса канал остидан ўтган 170 дюкер қувур орқали коллекторга уланган.

Канал суви Ўзбекистонда 3 вилоят (Андижон вилоятида 66,6 минг га, Наманган вилоятида 12 минг га Фарғона вилоятида 125 минг га), Қирғизистоннинг Ўш вилоятида (0,76 минг га) ва Тожикистоннинг Суғд вилоятида (10 минг га) ерларни сугоришда фойдаланилади (канал схемасига к,.). Каналга 1966 й. да канал қурилиши ташаббускорларидан бири бўлган давлат арбоби Усмон Юсупов номи берилган.

Ад.: Усманходжаев В., Кузьмин М ., Большой Ферганский канал имени Усмана Юсупова, Т., 1972.

Зиёмиддин Артукметов.