КАТМАНДУ

КАТМАНДУ — Непал пойтахти. Мамлакатнинг иқтисодий ва маданий маркази. Багҳмати дарёси соҳилида, 1360 м баландликда жойлашган. Иклими муссонли, тропик тоғ иклими, июлнинг ўртача т-раси 24,5°, янв. ники 18,3°. Йиллик ёғин 1400 мм. Тез-тез зилзила бўлиб туради. Аҳолиси шаҳар атрофи б-н 420 минг кишидан зиёд (1990-й. лар ўрталари).

Катмандуга 724 й. да асос солинган, дастлаб Кантипур деб аталган. Катманду номи 16-а. охирида қурилган Кастамандап ибодатхонаси номидан олинган. Катманду 12—18-а. ўрталаригача ҳоз. Непал худудида мавжуд бўлган турли князликларнинг пойтахти бўлиб келди. 1769 й. дан Непал давлатининг пойтахти.

Катманду — транспорт йўлларининг муҳим тугуни. Ҳаво йўллари орқали Непалнинг бошқа шаҳарлари, шунингдек, Ҳиндистон, Бангладеш, Мьянма, Таиланд билан боғланган. Енгил ва озиқовқат саноатлари ривожланган. Қ. х. маҳсулотларини қайта ишловчи корхона кўп, ҳунармандчилик корхоналари ва устахоналар ҳам бор. Бадиий ўймакорлик ва заргарлик буюмлари тайёрланади. Тўқимачилик, кўн пойабзал, ремонт-механика, кулолчилик корхоналари, ғиштчерепица з-ди ва б. мавжуд. Ун-т, коллежлар, Қироллик академияси, Миллий, Марказий кутубхоналар, Миллий театр ва музей, госпиталь ва б. бор.

Катманду — Буддизм дини марказларидан. Меъморий ёдгорликлари: Катх Мандир (Кастамандап) пагодаси (1596), сарой ва ибодатхоналар мажмуи (15—18-а. лар), сарой (20-а.), Бҳисмена минораси (1834) ва б. Шаҳар яқинида Бодхнатх ступаси ва Сваямбхунатх меъморий-скульптура мажмуаси (мил. ав. 3-а.), Пашупатинатх ибодатхона мажмуаси (13-а.) сақланган.