КАТАРАКТА (юн. katarrhaktes — шаршара) — кўз гавҳарининг хираланиши. Бунда кўзга тушаётган ёруғлик нурларининг йўли қисман тўсилиб қолиб, кўз баъзан кўрмай қолади. Кўз гавҳарининг қайси қисми хиралашганига қараб, Катарактанинг қуйидаги турлари фарқ қилинади: олд ваорқа поляр Катаракта, халтали Катаракта (гавҳарни ўраб турган капсулада бўлади), я д рол и (гавҳарнинг марказида бўлади), урчуқсимон, қаватли ёки зонуляр, тўлиқ плёнкасимон, кўп шаклли, пўстлоқ К. си (гавҳарнинг периферик қаватига тушади). Кўз гавҳарида хираланишнинг бошланиши бирламчи Катаракта дейилса, гавҳарнинг ядроси ёки Катаракта массалари олингандан сўнг пайдо бўлган хираланиш и к к и л а мчи Катаракта дейилади.
Катаракта туғма ва ҳаётда орттирилган бўлади. Она қорнида ривожланаётган ҳомилага турли ташқи (заҳарланиш, гипова авитаминоз, нурланиш) ва ички (она ва боланинг резус келишмовчилиги) муҳитларнинг салбий таъсири, ҳомиладорлик вақтида онанинг турли касалликлар, айниқса, юқумли касалликлар билан оғриши, шунингдек, наслданнаслга ўтувчи ирсий касалликлар тугма Катарактага сабаб бўлади. Бунда гавҳарнинг хиралашиши жуда секин ривожланиши мумкин, айрим беморларда умр бўйи ўзгармайди. Организмда моддалар алмашинувининг бузилиши, қанд касаллиги, шунингдек, умумий касалликлар, кўз шикастланишлари ва касалликлари, яқиндан кўришнинг оғир шакли, юқори т-рада узоқ ишлаш, турли заҳарли моддалар ва ионлаштирувчи нурлар таъсирида орттирилган Катаракта юзага келади. Орттирилган Катарактанинг қарилик, травматик ва асоратли (глаукома, иридоциклит, қанд касаллиги ва б. нинг асорати сифатида) турлари бор. Орттирилган Катарактада вақт ўтиши билан кўз гавҳари бутунлай хиралашиб қолади. Қариликдаги Катаракта аста-секин ривожланади, у кўпроқ 55—60 ёшдан ошганларда учрайди. Қариликдаги Катарактанинг бошланиш, етилмаган, етилган ва етилиб ўтиб кетган босқичлари фарқ қилинади, унинг етилган даври ҳаммада ҳар хил, бу одатда, беморнинг умумий аҳволи ва ёшига боғлиқ. Операция муддатини белгилашда касалликнинг етилган босқичи муҳим. Катарактада дастлаб беморнинг касал кўзи олди жимирлаб, нуқта, чизиқ ва доғлар пайдо бўлади; ёниб турган лампа, шар ёки фонарга шу кўз билан Караганда, у бир нечта бўлиб кўринади. Бу — нотекис хиралашган кўз гавҳарининг нур синдириш хусусияти бузилиши оқибатида рўй беради. Кўзнинг хира тортиши унинг бошқа касалликларида ҳам кузатилади, шунинг учун, албатта, врачга мурожаат этиш ва касалликни ўз вақтида аниқлаш лозим. Дорилар билан даволанади ёки микрохирургия, ультратовуш ёки лазер нурлари ёрдамида операция қилиб хиралашган кўз гавҳари олиб ташланади.