КАТАПУЛЬТА

КАТАПУЛЬТА (лот. kata — юқоридан пастга ва pallo — – улоқтираман, ирғитаман) — 1)ҳарбий ишда — буралган толалар (соч, пай ва б.) нинг қайишқоқлик кучи таъсирида ҳаракатга келтириладиган улоқтириш машинаси. Юнонистон ва Римда 5-а. охиригача, асосан, қўрғонларни қамал қилишда, жанг майдонларида қўлланилган. Катапульта тош, ғўлаларни, смола солиб ёндирилган бочкалар ва найзаларни бир неча юз метрга улоқтирган. Ўрта асрларда Шарқ мамлакатлари, шу жумладан, Ўрта Осиёда ҳам расм бўлган. Узбекистан ҳудудида манжаниқ ва палахмон деб аталган;

2) самолёт, планёр ва б. учиш аппаратларига қисқа йўл участкасида бошланғич (старт) тезлик берадиган қурилма. Катапульта ҳаракатлантириш қурилмаси (аравачалар, мокисимон қурилма, илгак ва б.), йўналтирувчи қурилма (кўпинча рельелар) ва учириб юбориш механизмларидан иборат. Ҳаракатлантириш қурилмаси (учиш аппарати маҳкамланган) ё реактив двигатель билан ишга туширилади ёки бирор иш жисми (буғ, порох гази, қисилган ҳаво, пружина, резина тизимча ва б.) энергиясидан фойдаланилади. Югуриш охирида учиш аппаратининг ҳаракатлантириш қурилмаси кескин тўхтайди, унинг устидаги учиш аппарати мустақил учиши учун етарли тезлик билан ажралиб чиқади. Горизонтал йўналтирувчи қурилмали Катапульта авианосецларда, вертикал йўналтирувчи қурилмали Катапульта учувчиларни машқ қилдириш ва инсонга қисқа вақтли катта зўриқиш таъсирини текшириш учун самолётдан катапультлаш жараёнини ер шароитида бажаришда қўлланилади;

3) космик кема кабинасидан катапульталанадиган ўриндиқни ирғитишни таъминловчи қурилма.