КАСТАЛАР

КАСТАЛАР (асли лот. — тоза, санскритча жати) — кишиларнинг биқиқ эндогам гуруҳи. Касталар ўзига хос социал вазифаларни бажариш, меросий касбҳунарлар билан шуғулланиш натижасида ажраладики, бу ҳол муайян этник, баъзан диний муштаракликка мансублик билан боғлиқ бўлиши мумкин. Касталар баланд-паст табақалар ҳосил қилади, улар ўртасидаги муносабатларда қатъий чекланишлар мавжуд. Архаик Касталар (табақавий ёки социал даражалар) бир қанча қад. ва ўрта аср жамиятлари (Кад. Миср, Ҳиндистон, Перу ва б.) да булган. Ҳиндистонда ҳиндуизмда, асосан, одамларнинг муайян белгига кўра гуруҳларга бўлиниши ялпи тус олган. Ҳиндистонда 20-а. нинг 40-й. ларида 3,5 минг К. ва кичик Касталар бор эди. Ўрта асрларда Ҳиндистонда Касталар бир неча поғонани ҳосил қилган: энг юқори поғона — браҳманлар ва ҳарбий ер эгаларининг Касталари йирик ва ўртаҳол мулкдорлардан ташкил топган; улардан қуйироқ поғонани савдогар-судхўрлар эгаллаган; булардан кейинги поғонадаги заминдорлар кастаси майда мулкдорлар ва деҳқонлар бўлиб, жамоанинг тўла ҳуқукли аъзолари ҳисобланишган, янада қуйи поғонага кўп сонли ерсиз ва тўла ҳуқуққа эга бўлмаган деҳқонлар, ҳунармандлар ва хизматкорлар кирган; уларнинг энг паст қатлами ҳуқуқсиз ва энг эзилган «ҳазар қилинганлар» (париялар)нинг Касталар идир. Ҳиндистон конституцияси (1950) Касталар тенглиги ва «ҳазар қилинганлар»нинг юридик тенг ҳуқуқлилигини эътироф этди.