КАССИТЕРИТ (юн. kassiteros — қалай) , қалайтош — оксидлар синфига мансуб минерал. Кимёвий формуласи SnO2. Таркибида Fe2O3 (13% гача), Та2О3, Nb2O3 (9% гача) ва ҳ. к. қўшимчалари бор. Қалайнинг микдори 78,6%. Тетрагонал сингонияли. Дипирамидал, устунсимон, нинасимон кристаллар ва донадор агрегатлар ҳолида учрайди. Ранги қўнғирдан қорагача, баъзан сариқ, қизғиш. Олмоссимон ялтироқ. Қаттиқлиги 6—7. Зичлиги 6—7 г/см3. Кўпинча қўнғир, баъзан жигарранг, олмосдек ялтирайди. Гидротермал, грейзен, пегматит ва сочма конлари маълум. Касситерит конлари, одатда, нордон интрузив тоғ жинслари (гранит) билан боғлиқ. Ҳосил бўлиши магматикдан гипергенгача. Касситеритнинг энг истиқболли саноатбоп тўпламлари гидротермал кварцкасситерит ва сульфид касситеритли ертомирларда учрайди. К. Ўзбекистонда 20-а. нинг 30-й. ларида топилган, ҳоз. бир неча тури маълум. Касситерит конлари Олтинтоғ, Туркистон, Қоратепа, Зирабулоқ – Зиёвуддин, Султонувайс тоғи, Ҳисор тоғларида бор. Хорижда Касситерит конлари РФ (Приморье), Украина, Малайзия, Таиланд, Индонезия, Хитой, Боливия, Нигерия ва б. жойларда аниқланган. Касситерит — қалайнинг асосий рудаси. Айни вақтда концентратдан Nb, Та каби ноёб металлар ҳам ажратиб олинади. Олтинтоғ К. рентгенограммаси дунёда қабул қилинган Аниқлагич (Михеев, 1957)да эталон сифатида қабул қилинган.