КАШМИР — Осиёдаги, Ҳинд дарёсининг юқори ҳавзасидаги тарихий вилоят. Ҳудудининг бир қисмини Жамму ва Кашмир штати ташкил қилади, бир қисми Покистон назоратида (1949 й. дан). Кашмир қадимда ва ўрта асрларда Ҳиндистон я. о. да мавжуд бўлган турли давлатлар (мас, мил. ав. 3-а. да Мауриялар империяси, кейинчалик, мил.1—2-а. ларда Кушон подшолиги) таркибига кирган. 8—12-а. ларда К. Ҳиндистоннинг энг муҳим давлатларидан бири эди. 1586 й. К. Бобурийлар давлати қўл остига ўтган, 1756 й. уни афғонлар, 1819 й. сикхлар босиб олган. 1845—46 й. лардаги 1-инглизсикҳ урушида инглиз мустамлакачилари томонидан забт этилган Кашмир 7,5 млн. рупия товон бадалига Жамму рожаси Гулоб Сингх тасарруфига топширилган (1846) ва инглизлар уни Жамму ва Кашмир князлиги маҳарожаси деб тан олган. Аёвсиз эксплуатация, миллий ва диний камситишлар натижасида кашмирликлар бир неча бор қўзғолон кўтарган (улардан энг йириклари 1931—33 ва 1946 й. ларда рўй берган).
1947 й. авг. да 2 суверен давлат — Ҳиндистон ва Покистон ташкил этилгач, ҳар иккаласи ҳам Кашмирни ўз ҳудудига қўшиб олиш ҳаракатига тушди. 1947 й. 22 окт. да Покистон ҳудудидан Кашмирга қуролланган патан қабилалари бостириб кира бошлади. Шунда маҳарожа Ҳиндистонга мурожаат қилиб, ундан ёрдам сўради, шунингдек, у К. ни Ҳиндистон иттифоқи таркибига киритишни ҳам илтимос қилди. Маҳарожанинг ёрдам хусусидаги илтимоси қондирилди, 1947 й. 27 окт. да эса Кашмирнинг Ҳиндистон иттифоқига киритилгани тўғрисидаги Ёрлиқ имзоланди. 1948 й. 1 янв. да Ҳишшстон БМТ Хавфсизлик Кенгашига арз қилиб, Покистонни Кашмирга нисбатан тажовуз қилганликда айблади. 1984 й. 15 янв. да Покистон ҳам Ҳиндистон устидан БМТ Хавфсизлик Кенгашига арз қилди. Пировардида Хавфсизлик Кенгаши 5 мамлакатдан иборат яраштирув комиссияси тузди. 1949 й. 1 янв. га келиб Кашмир даги ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилди, 1949 й. 27 июлда эса ўт очишни тўхтатиш чизиғи белгиланди. Шундай қилиб, Кашмирнинг ғарбий ва шим.-ғарбий қисмлари Покистон назоратида, унинг қолган (катта) қисми эса Ҳиндистон тасарруфида қолди.
1952 й. июлида Кашмир маҳарожаси ва Ҳиндистон ўртасида «Дехли битими» деб аталувчи битим имзоланиб, унга кўра, Кашмир штат ҳуқуқи билан Ҳиндистон таркибига кирди (яна қ. Жамму ва Кашмир). 1956 й. 17 нояб. да К. Таъсис мажлиси томонидан Кашмир конституцияси қабул қилиниб, унинг 3-моддасида Кашмир «Ҳиндистон иттифоқининг ажралмас қисми бўлиб қолади» деб эълон қилинди. Шунга кўра, Ҳиндистон ҳукумати Кашмирнинг Ҳиндистон таркибига кириши хусусидаги масала узил-кесил ҳал этилган, деб ҳисоблайди. Покистон ҳукумати эса ўшанда Жамму ва Кашмир штатида бу ҳудуднинг Ҳиндистон ёхуд Покистонга қўшилиши масаласи хусусида референдум ўтказишни қаттиқ туриб талаб қилганди.
Кашмир масаласининг бир неча марта БМТда муҳокама этилиши ва Хиндистон билан Покистон ўртасида олиб борилган иккиёқлама музокаралар (1955,1960,1962,1963) ҳеч қандай натижа бермади. 1965 й. сент. да Ҳиндистон б-н Покистон ўртасида юзага келган қуролли низо тинчликсевар мамлакатларнинг фаол саъйи ҳаракатлари туфайли барҳам топди. Ҳиндистон ва Покистон раҳбарларининг 1966 й. 4 — 10 янв. да Тошкентда уюштирилган учрашувида Ҳиндистон-Покистон муносабатларини мўътадиллаштириш истиқболларига йўл очиб берган Декларация имзоланди (қ. Тошкент Декларацияси).
1971 й. дек. да Ҳиндистон билан Покистон ўртасида яна қуролли низо содир бўлиб, унинг жараёнида Кашмир даги ўт очишни тўхтатиш чизиғи бир неча ерида бузилди. 1972 й. 30 июнь — 3 июлда Ҳиндистон ва Покистон раҳбарларининг Симлада ўтказилган кенгашида битим имзоланиб, унга кўра, ҳар 2 томон ўртада мавжуд тортишувли масалаларни тинч йўл билан ҳал этишни ўз зиммасига олди. 1972 й. авг. да Деҳлида ўтказилган музокараларда эса томонлар Кашмир даги илгариги ўт очишни тўхтатиш чизиғи ўрнига янги назорат чизиғи белгилаб олди. Назорат чизиғи демаркацияси 1972 й. дек. да ҳар 2 томон ҳарбий қўмондонлиги вакиллари томонидан тугатилган. Шундай бўлсада, Покистон Кашмирни ўз ҳудудига қўшиб олиш даъвосидан ҳануз воз кечган эмас.
Ад.: Степанов Я., Конфликт в Индостане и соглашение в Ташкенте, М., 1966; ГопалСингх, География Индии, М., 1980; Сдасюк Г. В., Штаты Индии, М, 1981. Темур Ғиёсов.