КАШМИР ВОДИЙСИ

КАШМИР ВОДИЙСИ — Катта Ҳимолай ва Пир-Панжал тоғ тизмалари орасидаги кенг водий, Ҳиндистонда. Узунлиги қарийб 200 км, кенглиги 60 км дан зиёд. Бал. 1600 м га яқин. Кўл кўп, энг каттаси Вулар кўли. Тоғлардан оқиб тушадиган майда дарё ва сойлар водийнинг энг йирик дарёси Жалам (Жҳалам) га (Ҳинд дарёси ирмоғи) қуйилади. Дарёда кема қатнайди. Йўловчиларни ташишда қайиқдан ҳам фойдаланилади. Иқлими мўътадил, янв. нинг ўртача т-раси — Г, июлники 22—23°. Ёзги нам муссон шамолларнинг кириб келишига ПирПанжал тоғ тизмаси тўсқинлик қилади. Шу сабабли, ёз мавсумида ёғин кам ёғади. Йиллик ёғин ўртача 1000 мм. Кашмир водийси тупроғи аллювиал тупроқ. Кенг баргли ўрмонлар, тоғ ён бағирларида игна баргли ўрмонлар бор. Қ. х. экинлари, асосан, шоли ва маккажўхори, шунингдек, зигир, рапс, хантал, қисман буғдой ҳам экилади. Кашмир водийсида турли мевалар етиштирилади. Экинзорлар дарё сувидан сугорилади. Мевали боғлар бор. Йилига 180 минг т дан зиёд мева етиштирилади. Заъфарон Ҳиндистонда, асосан, шу ерда экилади. Ипак қурти учун тут дарахти ўстирилади. Кашмир водийсида аҳоли зич. Ҳунармандчиликда гилам тўқиш, каштачилик, ёғоч ва металл ўймакорлиги ривожланган. Иқлим курортлари бор. Сринагар, Пахалгам ва Гулмарг ш. лари туризм марказларидан. Бобурийлар асос солган Шалимар ва Нашат боғларини кўриш учун туристлар кўп келади. Энг йирик шаҳри — Сринагар.