КАСБГА АЛОҚАДОР ЗАРАРЛАР, ишлаб чиқариш зарарлари — одамнинг саломатлиги ва меҳнат қобилиятига бевосита ва билвосита салбий таъсир кўрсатадиган меҳнат жараёни ва и. ч. омиллари. Касбга алоқадор зарарлар маълум шароитларда касб касалликларини пайдо қилиши ва умумий касалликларни зўрайтириб юбориши мумкин. Касбга алоқадор зарарлар янги технологиянинг, баъзан токсик ва организмнинг сезувчанлигини ўзгартирадиган аллергик хоссага эга моддаларнинг қўлланилиши, шунингдек, хом ашёларнинг янги турини санитария-гигиеник жиҳатдан яхши билмаслик ҳамда техник воситаларнинг маълум даражада такомиллашмаганлиги ёки технологик режимнинг ва санитариятехнология нормативларининг бузилиши натижаси бўлиши мумкин.
И. ч. технологияси ва жиҳозларининг номукаммаллигига боғлиқ Касбга алоқадор зарарларга чанг, шовкин, вибрация, т-ранинг юқори ёки пастлиги, ёруғликнинг етишмаслиги, ҳаво нисбий намлигининг юқорилиги, атмосфера босимининг юқори ёки пастлиги, заҳарли ва радиоактив моддалар, қ. х. да ишлатиладиган пестицидлар, пластмассалар и. ч. да қўлланиладиган реакторлар, мономерлар, ионлаштирувчи ва ультрабинафша нурлар, электромагнит тўлқини, микроорганизмлар ва б. киради. Касбга алоқадор зарарлар меҳнат жараёнига, унинг ташкил қилинишига, меҳнатнинг оғирлиги ва давомлигига, бирор аъзонинг ёки системасининг ҳаддан ортиқ толиқишига, транспорт ҳаракати ва конвейерда ҳадеб бир хилдаги ишни бажариш туфайли кўз ва қулоққа зўр келишига, ўтириб ёки туриб ишлайдиган одамларнинг узоқ вақт давомида бир хил вазиятда туришига боғлиқ бўлиши мумкин.
Касбга алоқадор зарарлар меҳнат қобилиятининг пасайишига, ўткир ва сурункали заҳарланишниит авж олишига, умумий касалликларнинг кўпайишига, узоқ муддат ўтгандан кейин пайдо бўладиган ёмон асоратларга сабаб бўлиши мумкин. Касбга алоқадор зарарлар организмга тери, оғиз, меъда-ичак йўллари, шиллиқ қаватлар, эшитиш аъзолари, нафас орқали, шунингдек, нур ҳолида таъсир этиши мумкин. Автоматизация ва механизация соҳасида эришилган илмий техника ютуқларининг ҳаётга татбиқ қилиниши и. ч. да Касбга алоқадор зарарларни бартараф этиш ёки хавфсиз даражада камайтириш имконини беради.