КАСБ-ҲУНАР ЛЕКСИКАСИ

КАСБ-ҲУНАР ЛЕКСИКАСИ — (профессионализмлар) муайян касб ёки ҳунар эгалари нутқига хос сўз ва тушунчалар мажмуи. Бошқа тилдан сўз олиш, шевага хос сўзлар, умумхалқ тилига хос маъноси ўзгартирилган сўзлар К.-ҳ. л. нинг шаклланиши учун асосий манба ҳисобланади. Бир буюм, нарсани турли касб кишилари томонидан хилма-хил (мас, «қозон» — қандолатчиларда «потила» ва б.) номланиши ҳам К.-ҳ. л. ни юзага келтириши мумкин. Касб-ҳунарнинг ривожланган тармоғи (мас, пахтачилик, тиббиёт, техника ва б.) лексикаси бой бўлиб, шу соҳаларга оид алоҳида адабиётлар ҳам нашр этилган. Фан-техникага оид терминларнинг, умуман, тил луғат таркибининг бойишида ва халқнинг моддий маданият тарихини ўрганишда улар муҳим манба ҳисобланади. К.-ҳ. л. бадиий адабиётда муайян персонаж хусусияти, табиатини чуқурроқ ёритишда бадиий тасвир воситаси бўлиб хизмат қилади.