КАСБ-ҲУНАР КОЛЛЕЖИ — ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юрти. Ўзбекистон Республикасида 1997 й. 29 авг. да кабул қилинган «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури» ва «Таълим тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, умумий таълим мактаблари (9-синф)ни тугатган ўқувчилар қабул қилинади. Таълим муддати 3 й. К.-ҳ. к. ўрта махсус, касб-ҳунар таълими беради; ўқувчиларнинг касб-ҳунарга мойиллиги, билим ва кўникмаларини чуқур ривожлантириш, танлаб олинган касбҳунар бўйича бир мутахассислик ва 2—3 ишчи-касб малака кўникмаларини эгаллаш имконини яратади. К.-ҳ. к. ларида таълим олиш ўқувчиларга ўз билимларини чуқурлаштириш ва танлаган ихтисосликларига эга бўлишни таъминлайди. К.-ҳ. к. ларида ўқув дастурлари олдинги ўқув босқичи — умумтаълим мактаблари ва кейинги поғонада турган олий ўқув юртларининг ўқув дастурлари билан ўзаро мутаносибликда бўлиб, таълимнинг узлуксизлик ва изчиллик принципига амал қилади. К.-ҳ. к. лари замонавий асбоб-ускуналар, ўқув-услубий қуроллар, кўргазмали воситалар, ахборот технологиялари ва компьютерлар б-н жиҳозланади. К.-ҳ. к. ларида ишчи кадрлар эмас, балки кенг ихтисосликдаги кичик мутахассислар тайёрланади ва уларни тайёрлашда ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос географик ва демографик шарт-шароитлари ва мутахассисларга бўлган маҳаллий эҳтиёжлари ҳисобга олинади. Ўқувчиларга бериладиган и. ч. таълими ўқув муассасасининг замонавий жиҳозланган устахоналарида ва корхоналарида и. ч. амалиёти билан узвий боғлиқ ҳолда олиб борилади. Шу билан бир қаторда умумий билимлар асосларини бериш, ёшларнинг дунёқарашини кенгайтириш, уларни ҳар томонлама ривожлантириш ва замон талабларига жавоб берувчи мутахассис бўлиб етишиши учун берилаётган таълим миллий қадриятларга ҳурмат, мустақил давлатимизга содиқлик ва ифтихор туйғулари руҳидаги тарбия б-н муштаракликда амалга оширилади. К.-ҳ. к. ларининг битирувчиларига давлат томонидан тасдиқланган намунадаги дипломлар берилади. Будипломлартаълимнинг кейинги босқичларида ўқишни давом эттириш ёки эгалланган касб-ҳунар бўйича меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини беради. 2001/2002 ўқув йили бошида Ўзбекистондаги 303 К.-ҳ. к. да 217 мингга яқин ўқувчи ўқиди.