КАСАЛХОНА — беморларни ётқизиб даволайдиган муассаса. Поликлиника билан бирлаштирилган Касалхоналар беморларни поликлиникада ва уйда тиббий ёрдамнинг барча турлари билан даволайдиган даволаш-профилактика муассасаси ҳисобланади; поликлиника билан бирлаштирилмаган Касалхона фақат стационарда даволайди. Иш ҳажми ва маъмурий бўлинишига кўра, республика, вилоят (ўлка), шаҳар, туман ва участка Касалхона лари фарқ қилинади. Кўп соҳали (турли хил ихтисосликлари бўйича бўлимлари бор) ва ихтисослашган (сил, юқумли, руҳий, офтальмологик ва б.) К. лар бўлиб, булар мазкур касаллик бўйича малакали ва ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатади. 14 ёшгача бўлган болаларга мўлжалланган болалар Касалхонаси ҳам кўп соҳали ва ихтисослашган Касалхона ларга бўлинади. Тиббиёт ин-ти ёки илмий тадқиқот ин-тининг базаси ҳисобланган Касалхона клиник Касалхона деб аталади. Бундан ташқари, аҳолига касбига қараб хизмат қиладиган т. й. транспорта Касалхонаси, сув хўжалиги ходимлари Касалхонаси ва бошқа Касалхоналар бўлади. Касалхонада беморни врач кўздан кечирадиган, ҳужжатлар расмийлаштириладиган қабулхона, зарур санитария-гигиена чоралари амалга ошириладиган хоналар, даволаш бўлимлари (жарроҳлик, терапия ва б.), даволашдиагностика бўлимлари (рентгенология, физиотерапия); лаб. лар, дорихона, ошхона, маъмурий-хўжалик бўлимлари ва б. бўлади. Бирлашган Касалхонага, бундан ташқари, поликлиника ҳам киради. Касалхонани бош врач бошқаради, беморлар даволанадиган ихтисослашган бўлимга эса шу ихтисослик бўйича малакали врач мудирлик қилади. Бирлашган Касалхонанинг бўлим мудири поликлиникадаги тегишли бўлимга ҳам раҳбар бўлиши мумкин. Ходимлар сони Касалхона даги ўринлар сонига боғлиқ. Касалхона ларнинг тузилиши ва функцияси, шунингдек, унда ишлайдиган тиббиёт ходимларининг ҳақ-ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва бошқалар ЎзР Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ва тавсия этилган махсус давлат меъёрнормалари, йўриқнома ва кўрсатмаларига амал қилган ҳолда олиб борилади.
Ҳоз. Узбекистан ҳудудида қадимда ҳам Касалхонага ўхшаш даволаш масканлари мавжуд бўлган. Амир Темур бошқа мамлакатларнинг машҳур табибларини пойтахт Самарқандга олиб келиб, махсус шифохоналар очган. Мовароуннаҳр ва Хуросонда шифохоналар учун алоҳида бинолар қурилган. Шифохоналар очишга Алишер Навоий ҳам катта аҳамият берган. Туркистоннинг баъзи вилоятларида махсус шифохоналар бўлганлиги манбаларда қайд этилган. Туркистон чор Россияси томонидан босиб олинганидан кейин ўлкада Ғарбга хос тиббий муассасалар вужудга келган. Бунга қадар маҳаллий аҳоли халқ табобати (табиблар, шикастбандлар)дан фойдаланган. Тошкентда биринчи даволаш муассасаси 1868 й. ҳарбий гарнизон қошида очилган лазарет бўлиб, у 1869 й. ҳарбий госпиталга айлантирилган. Кейинчалик Самарқандда (1872), Хивада (1872), Бухорода (1891) кичикроқ Касалхоналар ишга туширилган. 1883 й. охирида Тошкентда аёллар ва болалар учун биринчи амбулатория-шифохона очилган. 1903 й. Янги шаҳар К. си қурилган. 1913 й. Эски шаҳар Касалхонаси (ҳоз. 1-шаҳар клиник Касалхонаси) иш бошлаган. 1916 й. темир йўл ходимлари учун махсус Касалхона қурилган. 1918 й. собиқ кадетлар корпуси биносида Касалхона (ҳоз. 1-ТошТИнинг ўқув базаси), 1926 й. Тошсовет номли физиотерапия Касалхона си; Кўкча даҳасида эпидемиология К. си (ҳоз. 1-Юқумли касалликлар К. си) ишга тушган.
Ҳоз. Ўзбекистон Республикасининг барча шахар ва вилоятларида йирик Касалхоналар мавжуд. Тошкентда ЎзР Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 1-клиник касалхонаси, 15-, 17-шаҳар клиник касалхоналари, тез тиббий ёрдам касалхонаси, шунингдек, 1 – ва 2 – Тош-ТИ (ўқув базаси)га қарашли Касалхоналар фаолият кўрсатади. Ҳоз. мамлакатимизда 1020 га яқин Касалхона бор (2002).