КАСАИ (қуйи оқимида Ква) — Марказий Африкадаги дарё, Ангола ва Конго Демократик Республикаси худудида. Конго дарёсининг йирик чап ирмоғи. Уз. 2000 км, ҳавзасининг майд. 880,2 минг км2. Лунда платосидан бошланиб, унинг шим. ён бағирлари бўйлаб остона ва шаршаралар ҳосил қилиб, Конго ботиғига оқиб тушади. Қуйи оқимида кўлга ўхшаш шаклларни ҳосил қилган. Йирик ирмоқлари: ўнгдан — Лулуа, Санкуру, Фими; чапдан — Кванго. Сент— окт. дан апр. гача тўлиб оқади. Ўртача сув сарфи 10 минг м3/сек. Балиқ овланади. Қуйилиш жойидан бошлаб 790 км масофада кема қатнайди. Йирик пристани — Илебо. Касаи ҳавзасида йирик олмос конлари бор.