КАРТОШКАГУЛ

КАРТОШКАГУЛ, георгина(Dahlia) — мураккабгулдошларга мансуб манзарали кўп йиллик ўтсимон ўсимлик. Барглари патсимон кертикли. Пояси ковак, мўрт, бўйи 35—200 см. Илдизи картошкали. Тўпгули турли рангдаги жуда кўп тилсимон ва найчасимон гуллардан иборат. Мексика ва Гватемаладан тарқалган. 15тача ёввойи тури маълум. Европада 18-а. охирларида ўстирила бошлаган. 8000 дан ортиқ нави бор. Экиладиган хилма-хил Картошкагул (D. variabilis) гулининг барча мавжуд тур-хиллари шартли равишда 3 гуруҳга (гули қат-қатмас, ярим қатқат ва қат-қат) бўлинади. Тўпгулининг ташқи бир қатори тилсимон гуллардан, қолган қисмии эса найчасимон гуллардан иборат ва пионсимон бўлганлари ярим қат-қат Картошкагулга, тўпгули шарсимон ва хризантемасимон бўлганлари қат-қат гулли Картошкагулга киради. Тўпгуллари 3—35 см катталикда. Картошкагул қаламчаларидан, картошкаси бўлакчаларидан ва аҳёнда уруғидан кўпайтирилади. Эрта баҳорда экилади. Картошкагул июль—сент. да гуллайди. Кузги қорасовуқлардан кейин картошкаси (туганаги) қазиб олинади, қуритилади ва қуруқ қоронғи хоналарда 4—5° ҳароратда сақланади.