КАРТЛИ ПОДШОЛИГИ

КАРТЛИ ПОДШОЛИГИ — 1) Шарқий Грузиядаги қулдорлик давлати (мил. ав. 4-а. дан). Дастлабки даврда Картли подшолиги Рим империясига номигагина қарам бўлган. 4-а. нинг 30—40-й. ларида Картли подшолиги аҳолиси христианликни қабул қилади. Картли подшолиги 5-а. дан бошлаб Сосонийлар давлати таркибига кирган;

2) Шарқий Грузиядаги давлат, пойтахти — Тбилиси (15-а. нинг 2-ярми — 1762 й.), 16 — 18-а. ларда Эрон ва Туркия тажовузига қарши мунтазам кураш олиб борган. 1723 й. К. п. ни турклар, 1735 й. Эрон сафавийлари босиб олган. 1744 й. К. п. чет эл босқинчиларидан халос бўлган. Картли подшолиги Кахети подшолиги билан бирлашгач, Картли-Кахети подшолиги ташкил топган (1762). У 1801 й. дан Россия империяси таркибига кирган.