КАРТЕЛЬ

КАРТЕЛЬ, картель битимлари (итал. cartelio — қоғоз, ҳужжат) — ишлаб чиқарувчилар ёки истеъмолчиларнинг монополистик бирлашмалари шакли; бир тармокдаги мустақил корхоналар, фирмалар, компанияларнинг и. ч. ва сотишнинг умумий ҳажмлари, нархлар, сотиш бозорлари, ҳар бир иштирокчининг ҳиссаси, ишчи кучи ёллаш ва б. тўғрисида битими. Картель ташкил этишдан асосий мақсад бирлашма ичида рақобатни бартараф этиш, чеклаш ва ушбу келишувда қатнашмаган фирмалар томонидан бўладиган ташқи рақобатни бостириш йўли билан фойдани оширишдан иборат.

Картельлар и. ч. нинг концентрациялашуви ва капиталнинг марказлашуви билан боғлиқ ҳолда 19-а. охирида пайдо бўлди. 20-а. нинг 1-ярмида Германияда кенг тарқалди. Америкада трестларга қарши қонунлар чиқарилиб, айрим соҳаларда Картель тузиш тақиқланди, лекин шунга карамай, махфий Картель битимлари давом этди. Картель 20-а. нинг 20—40-й. лари ўртасида саноатнинг кўпгина соҳаларида авж олди.

Ҳоз. даврда бир қатор мамлакатларда Картель битимлари тузиш монополияга қарши қонунчилик билан тақиқланган ёки айрим тармоқлар ва и. ч. турлари ёки алоҳида шароитлар доираси билан чекланган. Жаҳонда сон жиҳатидан унчалик кўп бўлмаган ишлаб чиқарувчилар ўртасида муайян бир товар бўйича жаҳон бозорини ўзаро бўлиб олиш, рақобат даражасидан ортиқ бўлган фойда олиш, хонавайронлик рақобатига йўлиқмаслик мақсадларида халқаро Картель битимлари тузилди.

Ҳоз. шароитларда ҳам бир қанча қудратли халқаро Картельлар мавжуд, ОПЕК унга ёрқин мисол бўла олади. Бозор монополиясига карши курашда майда ва ўрта бизнес К. битимларидан унумли фойдаланади.

Рисолат Ишмуратова..