КАРТАХЕНА — Колумбия шим. даги шаҳар. Боливар департаментининг маъмурий маркази. Кариб денгизи бухтасида, Магдалена дарёси қуйи қисмининг ғарбида жойлашган. Аҳолиси 745,6 минг киши (1995). Автомобиль йўллари тугуни. Йирик денгиз порти (нефть ва нефть маҳсулотлари, шакарқанд, тери, олтин, платина ва б. четга чиқарилади). Аэропорти халқаро аҳамиятга эга. Муҳим савдо маркази. Озиқ-овқат (балиқ консерва, шакарқанд, қандолатчилик, пиво пишириш, тамаки), нефтни қайта ишлаш, нефть кимёси, резина-техника, цемент, тўқимачилик, кўн-тери, фармацевтика, мебель саноати корхоналари мавжуд. Тарих академияси, ун-т (1824), мусиқа инти, кутубхона бор.
Шаҳарга 1533 й. да испан конкистадори Педро де Эредия томонидан асос солинган. Мустамлакачилик даврида мустаҳкам қалъа ва йирик портга айланган. 1811 й. да Колумбия шаҳарлари ичида биринчилардан бўлиб Картахенада мустақиллик эълон қилинган. Меъморий ёдгорликлардан мустамлакачилик даврида қурилган шаҳар девори, қалъа, монастирлар (16а.), черков (16—18-а. лар), Зарбхона (17а.) ва б. сақланган.