КАРРОМИЙЛАР

КАРРОМИЙЛАР — илоҳиёт оқими. 9 — 13-а. ларда Бағдод халифалигининг марказий ва шарқий вилоятларида тарқалган. Асосчиси — Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Карром (806—869). Сейистонда туғилган, Нишопур, Балх, Марв, Ҳирот каби шаҳарларда таълим олган. 5 й. Маккада истиқомат қилган. Ибн Карром ўз юртига қайтаётиб, Қуддусда хонақоҳ барпо қилган. Сейистон ва Хуросонда ўз таълимотини тарғиб қилгани учун зиндонга ташланади. Қуддусда вафот этади.

Карромийлар фикрича, худо — бутун борлиқнинг бирламчи асоси, у муайян жисмга эга. Худо — барча нарсаларнинг яратувчиси, аммо инсон ўз фаолиятининг натижаларига таъсир кўрсата олади. Муътазилийлар каби Карромийлар ҳам инсон онгги мустақил равишда, яъни ваҳий ёрдамисиз яхшилик ва ёмонликни фарқ қилишга қодир, деб уқтирди. Шунингдек, муржиъийлар сингари Карромийлар бирор инсонни мусулмон деб тан олиш учун у Аллоҳни тил билан эътироф этса кифоя, амал билан тасдиқлаши шарт эмас, деб ҳисоблайди. Яъни «ла илоҳа иллаллоҳу Муҳаммаду расулуллоҳ» калимасини айтган ҳар бир инсон — мусулмондир. Ибн Карромнинг «Китоб ассирр» ва «Азоб ал-қабр» номли (бизгача етиб келмаган) асарлари ва «худо жисмга эга» деган тушунчаси ислом уламоларининг кескин танқиди ва таъқибига учради. Мўғуллар истилосидан сўнг Карромийлар барҳам топди.