КАРПИНИ

КАРПИНИ Жованни да Плано (1182-1252) — италиялик сайёҳ ва роҳиб. Мўғулларнинг ғарбга қилган истилосидан сўнг Рим папаси Иннокентий IV томонидан (1245 й. ги Лион собори топшириғига кўра), жосуслик мақсадида юборилган элчиларга бош бўлган (1245— 47). Лиондан сафарга чиқиб, Жан. Россия, Хоразм, Еттисув, Тарбағатой орқали қоон ўрдасига, Қорақурумга келган. Бу ерда у мўғул зодагонларининг буюк қоон сайлаш маросими — қурултойида қатнашади ва Ўқтойхоннинг ўғли Гуюкхоннм тахтга ўтириш маросимида қатнашган. Карпини ватанига қайтаётганда Ботухон қабулида бўлган, 1247 й. Гуюкхон хати билан қайтиб келган. Сафар ҳисоботини «Libellus historicus» асарида баён этиб, унда Карпини кўрган жойлари, хусусан, Мовароуннаҳрнинг геог. си, халқлари ҳақида маълумотлар тўплаган. Хоразм, Қизилқум, Амударё, Сирдарё, Тяньшан тоғлари ҳақида умумий тушунчалар берган. Европаликлар Шарқ маданиятига оид маълумотларни биринчи марта Карпини асарларидан олган.