КАРНИЗ (нем. karnies) — 1) меъморликда бино девори устига муҳофаза учун махсус (ғишт, ёғоч, тош баъзан пахсадан) ишланган ёки ўрнатилган бўртиқ қисм, бўғот. Томни кўтариб туришга ва ташқи деворни ёғингарчилик таъсиридан ҳимоя қилишга хизмат қилади. Биноларда баъзан қаватларни бир-биридан ажратиб туради. Меъморлик ордерларида антаблементнинг бўртиб турадиган юқори қисми. Ўрта Осиё меъморлигида Карнизлар бинонинг тузилиши, баландлиги меъморий қиёфасига қараб, уларга мос ва уйғунлашган ҳолда ишланади (476-6. даги расмга қ.);
2) стол, шкафнинг четини, уйларнинг ички қисмини безашда девор текислигидан чиқариб ишланган турли ўймакорлик, кесмакорлик ишлари, уйларнинг шиплари четидан тарашлаб ишланган тахта, безакли ҳошия;
3) дераза ёки эшик тепасида парда осиш учун ёғоч, металлдан қилинган дор.