КАРНАЛЛИТ

КАРНАЛЛИТ (немис кон муҳандиси Р. Карналл номидан) — хлоридлар кичик синфига мансуб минерал. Кимёвий формуласи KMgCl3 • 6Н2О. Таркибида магний (8,7%), калий (14,1%), хлор (38,3%), сув (38,9%) ҳамда озроқ цезий, рубидий, галлий (0,01% гача) ва бром (0,2% гача) бор. Ромб сингонияли. Соф Карналлитнинг кристаллари шаффоф, қизил, сариқ, пушти ва қўнғир рангли. Шишадек ялтироқ, қаттиқлиги 2,5. Зичлиги 1600 кг/м3. К кучли гигроскопик, ҳаво на-мидан парчаланади. Ҳосил бўлиши хемоген. К. Тепақўрғон (Ўзбекистон), Соликамск, Калуга (РФ), Штасфурт (Германия), Гугурттоғ, Карлуқ (Туркманистон)даги туз конларида бор. Ўғит сифатида, намакоблари фотография ва тиббиётда ишлатилади.