КАРИОТИП

КАРИОТИП (карио… ва юн. typos — намуна, шакл, тип) , хромосомалар тўплами — у ёки бу турга мансуб организмнинг маълум ўлчам, шакл ва сонга эга хромосомалари тўплами. Кариотип тушунчасини фанга рус генетиги Г. А. Левитский киритган (1924). Кариотип турнинг энг муҳим генетик хусусиятларидан бўлиб, ҳар бир тур ўз Кариотип ига эга. Минглаб ўсимликлар, шунингдек, одам К. и ўрганилган. Mac, юмшоқбуғдой Triticum aestivum нинг соматик ҳужайраларида 42, қаттиқ буғдой Т. durum никида 28 хромосома, сули Avena sativa нинг соматик ҳужайраларида 42 хромосома бор. Ўсимликларнинг соматик (жинссиз) ҳужайраларида хромосомалар сони (диплоид сони деб аталиб, шартли равишда 2п билан белгиланади), одатда, етилган жинсий ҳужайралариникига (хромосомаларнинг сонининг ярми гаплоид сони деб аталиб, п билан белгиланади) нисбатан 2 марта кўп бўлади. Хромосомаларнинг диплоид тўплами уруғланиш даврида ота-она хромосомаларининг қўшилишидан вужудга келади. Бири она, иккинчиси эса ота организмидан ўтган хромосомалар жуфти гомологик ҳисобланади. Мазкур жуфтдаги гомологик хромосомалар морфологик жиҳатдан бир хил. Ҳар бир тур учун ҳужайрадаги хромосомалар сони доимий бўлсада, баъзан бундан четланишлар ҳам кузатилади. Мас, гулли ўсимликлар эндоспермаси ҳужайраларидаги хромосомалар тўплами 3 ҳисса ортиқ (триплоидЗп). Паст ёки юқори ҳароратлар таъсирида хромосомалар калталашади, ионловчи радиация ва б. таъсирида эса қисмларга бўлиниб кетиши ёки тўпламдан тушиб қолиши мумкин. Айрим хромосома ёки унинг бирон қисмининг йўқолиши, кўпинча, ҳужайрани ҳалокатга олиб келади. Кариотипни қиёсий ўрганиш ўсимликлар систематикаси (кариосистематика)да, шу жумладан, маданий ўсимликларнинг келиб чиқишини ўрганишда, селекцияда кенг қўлланилади.

Баҳодир Норматов.