КАРИМОВ Комилжон Қодирович

КАРИМОВ Комилжон Қодирович (1944.9.6, Тошкент) — рассом, ганч ва нақш устаси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1989). П. Беньков номидаги Республика рассомлик билим юрти (1967) ва Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат инти (1973)ни тугатган. 1967 й. дан «Шарқ гули» ф-касида наққош, 1974 й. дан Тошкент кулолчилик з-дида наққошлар бригадаси бошлиғи, 1987 й. дан «Усто» бирлашмасида рассом. К. анъанавий услубда безаган жамоат бинолари, мажмуаларда ганч ва ёғоч ўймакорлигини уйғунлаштириб ажойиб гўзаллик ва жозиба яратди, миллий анъаналарни турфа хил янги шакллар билан бойитди: Тошкент цирки (1974), Халқлар дўстлиги саройи, Тошкент метрополитенининг «Халқлар Дўстлиги бекати» (1976), Лейпциг ш. (Германия)даги «Узбекистан» чойхонаси ва б. ни анъанавий нақшлар билан жозибали безаган, меъморий ёдгорликлар (жумладан, Бароқхон меъморий мажмуаси, 1974 ва б.)ни таъмирлашда усталар гуруҳига бошчилик қилган.