КАРИКАТУРА

КАРИКАТУРА (итал. caricare – бўрттирмоқ сўзидан) — аниқ ижтимоий танқидий йўналишга эга бўлган тасвирий санъат тури, графика соҳаси (рангтасвир ва ҳайкалтарошликда жуда кам қўлланилади), ҳажв ва кулгили қилиб ишланган расм. Тасвирда кулгили ҳолат реал ва фантастик воқеалар билан йўғрилган ҳолда яратилади, характернинг ўзига хос томонлари бўрттирилиб, аччиқ кулги туғдирадиган қилиб тасвирланади. Тасвирдаги маънони изоҳлаш ва тасвирнинг таъсирчанлигини ошириш мақсадида Карикатурага матн (баъзан шеър) илова қилинади.

Карикатура хусусиятлари қад. давр санъати (Қад. Миср тасвирлари, Юнонистон ваза безаклари, Кад. Рим фрескалари)да, япон ва ҳинд миниатюраларида учрайди. Айниқса, Уйғониш даврида Карикатура кенг ривож топди (мас, Леонардо да Винчи расмлари). Карикатура жанр сифатида жамиятда юзага келган кескин ижтимоий қарамақаршиликларни фош этиш заминида шаклланган (У. Хогарт, Ф. Гойя, О. Домье ва б. нинг Карикатура лари).

Европа К. си хусусиятлари илк бор инглиз тасвирий санъатида шаклланди; К. учун хос бўлган даврнинг ижтимоий ва давлат ҳаётидаги халқаро сиёсий воқеаларга ҳозиржавоблиги намоён бўлди (мас, французларнинг инқилобий, русларнинг Наполеонга бағишланган халқ ҳажвий расмлари). 19—20-а. лар чегарасида ижтимоий курашнинг авж олиши газ. ва жур. графикаси Карикатурани ривожланишини, шунингдек, профессионал газ. карикатурачиларининг пайдо бўлишини таъминлади, улар орасида машҳур йирик рассомлар ҳам бор эди.

20-а. да Карикатура ижтимоий кучлар муносабатларидаги мураккабликларни акс эттирди; 2-жаҳон уруши йиллари у фашизмга қарши курашда муҳим роль ўйнади («ТАСС ойнаси», «Уз ТАГ ойнаси», плакатлар, варақалар, фронт газ. лари ва б.), кўплаб рассомлар шуҳрат қозонди. Махсус сатирик нашрлар, кундалик газеталар Карикатура тараққиётига ва оммавийлашувига кенг имкониятлар яратади. Жаҳон карикатурами рассомлари (X. Бидструп, Дания; С. Венев, Болгария; Кукриникслар, Россия ва б.) тинчликни сақлаш ва уни ҳимоя қилиш мавзуида Карикатура намуналарини яратишди.

Ўзбекистонда сатирик жур. лар (айниқса, «Муштум» жур.) нашри Карикатура жанри тараққиётига замин яратди. Уста Мўмин, Д. Синицкий, А. Ошейко, Л. Абдуллаев, Т. Мухамедов, Н. Иброҳимов ва б. рассомларнинг Карикатуралари, «Ўзбекистон» нашриётининг «Жанговар қалам» плакатлар туркумлари ҳаётда учраб турадиган иллатлар (порахўрлик, ичкиликбозлик, хўжасизлик, юлғучлик ва б.)га қарши курашда, уларни фош этишда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Мустақиллик даврида Карикатура боқимандачилик, гиёҳвандлик, қаллоблик, ақидапарастлик кабиларни фош этишда долзарб аҳамият касб этмокда.