КАРЬЕР (лот. quadraria — тош майдаланадиган жой) — фойдали қазилмаларни очиқ усулда қазиб оладиган корхона; ер қаъридан фойдали қазилмаларни очиқ усулда қазиб олишда ҳосил бўладиган чуқурликлар мажмуи. Карьер бир нечта поғона тизимларидан иборат бўлиб, одатда, юқоридаги поғоналар пуч тoғ жинсларида жойлашади, пастки поғоналарда фойдали қазилма қазиб олинади. Фойдали қазилмани қазиб олиш учун пуч (қоплама) тоғ жинсларини суриб очилади.
Очиқ усулда фойдали қазилмаларни қазиб олиш қад. дан маълум. Дастлабки катта Карьерлар Қад. Мисрда эҳромлар бунёд этилиши билан боғлиқ бўлган, кейинчалик Карьер ларда бунёдкорлик ва ҳайкалтарошлик ишлари учун мармар тошлари катта ҳажмда қазиб олинган. 20-а. бошигача очиқ кон ишлари кенг ривожланган. Асрнинг охирига келиб дунёда қурилиш материаллари сифатида ишлатиладиган тоғ жинсларининг қарийб 95%, фойдали қазилмаларининг 70%, қўнғир кўмирнинг 90%, тошкўмирнинг 20% К. лардан қазиб олинган. Катта Карьер ларда йилига ўнлаб миллион тонна фойдали қазилма ва пуч тоғ жинслари қазилади. Жаҳондаги энг катта Карьер лар: «Богатирь» (Қозоғистон) — йилига 50 млн. т дан ортиқ тошкўмир ва 25 млн. м3 қоплама тоғ жинслари, «Маунт-Райт». (Канада) — 45 млн. т темир рудаси ва 25 млн. т қоплама тоғ жинслари, «Фортуна» (Германия) — 42,6 млн. т қўнғир кўмир ва 89,2 млн. м3 қоплама тоғ жинслари қазиб чиқарилади. Ўзбекистонда «Мурунтов» олтин қазиб оладиган Карьер бор. Йиллик унумдорлиги 45 млн. м3. Уз. 3500 м, эни 2500 м, чуқ. 300 м. Лойиҳада 600 м гача чуқурлаштириш кўрсатилган. «Қалмоққир» К. нинг йиллик унумдорлиги 24 млн. м3 бўлиб, таркибида мис, олтин, кумуш, қўрғошин, pyx, рений, осмий мавжуд бўлган руда қазиб олинади. «Ангрен» К. ида йилига 3 млн. т атрофида қўнғир кўмир ва каолин қазиб олинади. Ўзбекистондаги 36 мармар ва 21 гранит К. ларда йилига 2,3 млн. м3дан ортиқ (2001) қоплама тошлар ва миллионлаб м3 оҳактош қазиб олинади. Мармар қазиб олинадиган Ғозғон, Жом, Зарбанд ва Нурота К. лари, гранит чиқадиган Лангар ва Севасой Карьер лари машҳур.