КАРДИФФ

КАРДИФФ — Буюк Британиядаги шаҳар, Саут-Гламорган ва МидГламорган графлигида. Уэльснинг бош шаҳри. Бристоль қўлтиғи соҳилидаги порт. Аҳолиси 300 минг киши (1990-й. лар ўрталари). Йирик саноат маркази, транспорт йўллари тугуни. 19-а. охири — 20-а. бошида мамлакатда четга кўмир чиқарадиган (1913 й. да 36 млн. т) энг катта порт бўлган. Кардифф порти орқали четдан темир рудаси, хом ашё, озиқ-овқат келтирилади. Кардиффда қора металлургия, машинасозлик (шу жумладан, кема ремонти), озиқ-овқат ва полиграфия саноати корхоналари бор.

Кардифф — Уэльс миллий маданиятининг маркази. Меъморий ёдгорликлардан қаср (11-а.), Лландаф собори (12—15-а. лар), Сент-Жон черкови (15-а.), ратуша биноси (1904) ва б. сақланган. Уэльс миллий музейи (1907), Уэльс халқ музейи, ун-т (1893), миллий кутубхона бор.