КАРБАМИД

КАРБАМИД, мочевина (NH2) 2 СО-карбамид кислота амиди, синтетик усулда олинадиган, сув, спирт, суюқ аммиак, сульфит ангидридда яхши эрийдиган модда. Суюқланиш ҳарорати 132,7°. Таркибида 46% азот бўлган энг концентрланган физиологик нордон, қаттиқ азотли ўғит. Унча нам тортмайди. Азотли ўғит тарзида ишлатиш учун донадор ҳолида ишлаб чикарилади. Донадор Карбамид сақлаш вақтида муштланиб қолмайди. Карбамид тупрокда микроорганизмлар таъсирида ўсимликлар ўзлаштирадиган аммоний карбонатга айланади. Самарадорлиги жиҳатидан аммоний нитратга тенг, баъзан ундан самаралироқ. Карбамидни ҳамма хил тупроқларда ва барча қ. х. экинларига ишлатиш мумкин. Суғорма деҳқончиликда экишдан олдин (азот йиллик меъёрининг 20—25% ҳисобида) ва дастлабки озиқлантиришда аммиакли селитрага қараганда сабзавот экинлари, картошка, қанд лавлаги ҳосилдорлигига яхши таъсир этади.

Чорвачиликда кавш кайтарувчи молларга бериладиган ем-хашаклар азотли оқсиллари (протеин) ўрнини босадиган модда сифатида (1г Карбамид 2,6 г ҳазм бўладиган протеинга тенг) 1т маккажўхори силосига 5—6 кг, қорамоллар учун 1т аралаш емга 25 кг (2,5%) К. ишлатилади (яна қ. Оқсилсиз азотли озуқалар).