КАРАКАС

КАРАКАС — Венесуэла пойтахти. Кариб Анд тоғлари орасидаги водийда, денгиз сатҳидан 900—1000 м баландликда, Кариб денгизидан 13—14 км ичкарида жойлашган. Иқлими субэкваториал сернам иқлим. Янв. нинг ўртача т-раси 18°, июлники 21,2°. Йилига 820 мм ёғин ёғади. Аҳолиси 3,4 млн. киши (1998). Шаҳарга 1567 й. да испанлар асос солган. 18-а. да Испания мустамлака империясининг йирик иқтисодий, сиёсий ва маданий маркази. 1810 й. да Каракасда бошланган қўзғолон 1810—26 й. ларда Америкадаги Испания мустамлакачилигига қарши урушларнинг бошланиши бўлган. Буюк Колумбия давлати парчаланганидан сўнг (1830) К. Венесуэла пойтахти бўлиб қолди.

Каракас — мамлакатнинг муҳим сиёсий, савдо, молия, саноат ва маданият маркази. Муҳим транспорт йўллари тугуни. Шаҳар т. й. ва шоссе йўли орқали Ла-Гуайра порти ва Майкетия халқаро аҳамиятдаги аэропорти билан боғланган. Каракас орқали Пан-Америка шоссе йўли ўтган. Йирик чет эл ва миллий банклар, савдо ва саноат компанияларининг идоралари жойлашган. Машинасозлик, металлсозлик, нефть кимёси, кимё, фармацевтика, тўқимачилик, тикувчилик, кўн пойабзал, озиқ-овқат саноати ривожланган. Ойнашиша, қоғоз, цемент корхоналари бор. К. да метрополитен қурилган. Бир неча ун-т, Миллий пед. ин-ти, олий тиббиёт мактаби, 2 та мусиқа академияси, Венесуэла тил академияси, Миллий тарих академияси, Миллий тиббиёт академияси ва б. илмий муассасалар, бир неча Халқаро жамиятлар, миллий ку-тубхона; Боливар, Табиий илмлар, Мустамлакачилик санъати музейлари, театрлар бор. Меъморий ёдгорликлардан Пласа Боливар марказий майдонидаги собор (1664—74 й. лар) сақланган. Каракас 1812 ва 1990-й. ларда кучли зилзилалардан вайрон бўлган, кейинчалик қайта қурилган. 20-а. да «Симон Боливар» жамоат маркази (1938), Нафис санъат музейи (1960), Миллий пантеон, капитолий ва б. қурилган.