КАПЕЛЛА

КАПЕЛЛА (итал. capella — кичик ибодатхона) — 1) католик ва англикан меъморлигида унча катта бўлмаган иншоот ёки айрим зодагонларнинг оилавий ибодати учун мўлжалланган кичик ибодатхона, табаррук буюмлар сақланадиган ва хор ижро этиладиган жой. Капелла ибодатхоналарда (асосан, ён томонида ёки хор атрофида), сарой ва қасрларда жойлашган. Шунингдек, алоҳида Капеллалар ҳам қурилган;

2) (мусиқада) хор жамоаси. Дастлаб фақат қўшиқчилардан иборат бўлган; кейинчалик, чолғу мусиқа ривожи натижасида вокал-чолғу мусиқа жамоаларига айланган. Ўзбекистонда хор санъати равнақ топиб, турли хор жамоалари, шу жумладан, Ўзбек давлат филармонияси хор Капелласи (1952), Ўзбекистон телевидениеси ва радиоси хор Капелласи (1960) ташкил этилган;

3) баъзи махсус оркестрларнинг номи (ҳарбий Капелла, рақс К. си ва б.);

4) а капелла — чолғулар жўрлигисиз хор ижрочилиги. Профессионал хор санъати услуби сифатида ўрта асрларда католик черковидаги диний маросимларда юзага келган. Нидерланд мактаби намояндалари, Италия композиторлари (Ж. Палестршш ва б.) ижодида ўз чўққисига кўтарилган. Уйғониш давридан бошлаб а капелла услуби дунёвий хонандалик санъатида, хусусан, мадригал туридаги хонаки вокал жанрида ривожланди. Унда инсон овозининг бойлиги ва гўзаллиги тўла намоён бўлганлиги учун турли давр композиторларининг бу услубга қизиқиши кучайиб борган (Ф. Шуберт, И. Брамс, Б. Барток, С. Танеев, Г. Свиридов ва б.). Мазкур услубда куйлаш болгар, грузин, рус, эстон ва б. халклар ижодида ҳам кенг тарқалган. Ўзбекистонда М. Бурҳонов а капелла жанри асосчисидир. Унинг анъаналарини Урта Осиё композиторлари ва ўзбек композиторларидан С. Бобоев, М. Насимов, И. Акбаров, Б. Умиджонов, М. Бафоев ва б. давом эттиришган.