КАНОП

КАНОП (Hibiscus cannabinus) — ғўзадошлар оиласига мансуб луб толали бир йиллик ўсимлик, толаси учун экиладиган экин. Каноп ёввойи ҳолда Жан. Африкада ва Марказий Ҳиндистонда учрайди. Ватани — Ҳиндистон. Эрон, Хитой, Ява ва Суматра оролларида, Африка, Америка (АҚШ, Бразилия, Куба), Россиянинг жан. да экилади. Ўзбекистонда 20-а. нинг 30-й. ларидан бошлаб экилади (1925 й. да Сирдарё вилоятида тадқиқот мақсадларида 275 га майдонга экилган, ҳосилдорлик 3 ц/га ни ташкил қилган). Канопнинг ўқ илдизи тупроққа 1,5—2 м чуқурликка кириб боради. Суғориладиган ерларда илдизнинг асосий қисми 30—50 см чуқурликда таралади. Пояси тик ўсади, ранги яшил, тукли. Бўйи 1,5—3,5 м гача, учки томони шохланади. Барглари йирик, барг бандлари узун. Гуллари йирик, оч сариқ (деярли оқ) қисқа бандли (5—7 мм), барг қўлтиғида жойлашади. Меваси 5 уяли тухумсимон кўсакча, уз. 2,5 см, эни 1—2 см, ҳар бир уяда 2—3 та уруғи бор. Уруғи 3 қиррали, тўқ кулранг. 1000 тасининг вазни 18—24 г, уз. 3—5 мм, эни 2,5—4 мм. Каноп намга, хароратга ва ёруғликка талабчан. Ўсиш даври 124—145 кун. К. уруғи таркибида 18— 20% техника мойи бор. Мойи лок-бўёқ саноатида, совун тайёрлашда ишлатилади. Куруқ поясидан 16—20% тўқишга яроқли тола олинади (қ. Каноп толаси).

Каноп алмашлаб экишда кузги буғдой, дуккакли дон, бедадан кейин экилади. Экишдан аввал ер кузда 28—30 см чуқурликда шудгор қилинади. 50×10—12 см схемада, уруғ олиш учун қатор ораси 60 см қилиб якка қаторлаб экилади. Поя олиш учун 30—35 га кг/га уруғ сарфланади (яганалангандан сўнг кўчат қалинлиги 160— 180 минг туп/га). Уруғ олиш учун 10—12 кг/га уруғлик сарфланади. Уруғ 4—6 см чуқурликка кўмилади. Экинни парвариш қилиш, қатқалоққа қарши кураш, қатор ораларини ишлаш, озиқлантириш ва суғоришдан иборат. Вегетация даврида 4—5 марта культивация қилинади, 2 марта озиқлантирилади. Каноп сувга талабчан. Ер ости сувлари 1,0 — 1,5 пастда жойлашган ўтлоқи-ботқоқи тупроқларда 5—7 марта, ер ости сувлари чуқур жойлашган тупрокларда 8 — 10 марта суғорилади1. Суғориш нормаси 800-1000 м3/га.

Каноп ўртача 1 га ердан 100—120 ц кўк поя ва 4—5 ц уруғ беради. Ўзбекистоннинг суғориладиган ерларида юқори агротехникани қўллаб 150—180 ц/га кўк поя ва 8—9 ц уруғ олиш мумкин.

Навлари: Ўзбекистонда Ў«збекистон-3876», «Ўзбекистон-2142», «Кубан-338» навлари экилади.

Зараркунандалари: тунламлар, лавлаги қандаласи, битлар, трипслар ваб. Касалликлари: поянинг кулранг чириши, альтернариозлар.

Ҳапима Отабоева.