КАНЕЙДИАН

КАНЕЙДИАН, Канейдиан-Ривер — АҚШдаги дарё, Арканзас дарёсининг ўнг ирмоғи. Уз. 1500 км чамасида, ҳавзасининг майд. 124 минг км2. Сангреде-Кристо тизмаси (Қояли тоғлар) ён бағирларидан бошланиб, Буюк ва Марказий текисликлардан оқади. Сув сарфи кескин ўзгариб туради. Баҳор ойларида дарё тошади. Ўртача йиллик сув сарфи 200 м3/сек. Суғоришда фойдаланилади. Канейдиан ирмоғи — Норт-Канейдиан дарёси бўйида Оклахома-Сити ш. жойлашган.