КАНДИДАМИКОЗ

КАНДИДАМИКОЗ, кандидоз (Candida — ачитқисимон замбуруғ туркумининг лот. номи ва юн. mycos — замбуруғ) , оғиз оқариши, еликиш — одам ва ҳайвонларда учрайдиган микоз касаллиги; асосан ачитқисимон (Candida) замбуруғлар қўзғатади. Бунда тери, шиллиқ қават, баъзан ички аъзолар зарарланади. Кўпроқ болалар ва кексаларда кузатилади. Жуда қадим замонлардаёқ ёш болалар, хусусан, чақалоқлар ҳамда мажолсиз беморларда кузатиладиган моғор деб номланган тил оқариши маълум бўлган. Кандида замбуруғлари табиатда кенг тарқалган; хусусан, ўсимликлар, мева ва сабзавотларда, шунингдек, қандли меваларда яшайди; улар одам ва ҳайвонларнинг териси ҳамда оғиз бўшлиғида, ичак, нафас ва туғруқ йўлларининг шиллиқ қаватларида ҳар доим бўлади. Кандида замбуруғи янги туғилган боланинг териси ва шиллиқ қаватига туғруқ йўлларидаёқ тушади ва бир умр у билан бирга яшайди. Баъзи ҳолларда организмнинг ҳимоя кучларини пасайтирувчи оғир касалликлар (сил, қон касаллиги, дизентерия, терлама ва б.) оқибатида, шунингдек, киши антибиотиклар билан тартибсиз даволанганда организмдаги микроорганизмларнинг биологик мувозанати бузилиб, касаллик пайдо қилади. Бундай ҳолларда ҳамда узоқ бетоб ётган кишиларда оғиз бўшлиғи шиллиқ қаватида оқариш вужудга келади, тил, танглай ва милкда осон кўчадиган оқ карашлар пайдо бўлиб, улар овқат еганда оғрийди.

Олиб қўйиладиган тиш протези тақадиган кексаларда (кўпинча аёлларда) баъзан оғиз бурчаклари териси шилиниб ёрилади; бунда Кандида замбуруғининг кўпайиши учун қулай шароит туғилади, аксари лаб бичилади (қ. Лаббичилиши). Кўпинча тирноқ болишлари ва милк касалланади; тирноқ ғадир-будур, хира, мўрт бўлиб қолади, четлари қайрилиб, ўрнидан кўчади; тирноқ билан эт орасига йиринг йиғилади, милки яллиғланади, шишиб, қалин тортади. Кандидамикоз кўпинча қинда пайдо бўлади. Бунда шиллиқ қават оқ караш билан қопланади, сузмасимон чиқинди ажралади, аксари қичишади (қ. Вагинит). Болалар ва семиз кишиларнинг тери бурмалари (бармоклар ораси, чов бурмалари, аёлларда сут безлари ости, орқа чиқарув тешиги атрофи ва б.)да ҳам Кандидамикоз кузатилади (тери Кандидамикози). Шиллиқ қават ва тери Кандидамикози ўз вақтида даволанмаса, касаллик авж олиб, ички аъзоларга ҳам ўтиб кетиши мумкин. Ички аъзолар Кандидамикоз ида ўпка, меъда-ичак йўли, сийдик-таносил, юрак-томир системаси ва б. аъзолар зарарланиши мумкин. Бемор қанча барвақт врачга мурожаат қилиб, тегишли даво олса, шунча тез тузалиб кетади. Касалликнинг олдини олишда гигиена қоидаларига риоя қилиш ва фақат врач буюрган дориларни ичиш муҳим аҳамиятга эга.

Ҳайвонларда оғиз бўшлиғи, томоқ, ошқозон-ичак системаси шиллиқ пардалари, сийдик йўлларининг зарарланиши, устки қисмининг оқ қатлам қоплаши билан кечади. Замбуруғлар оғиз ва нафас йўллари шиллиқ пардасини, парда остини зарарлаб, некроз ҳосил қилади. Замбуруғ қон ва лимфа орқали бутун организмга тарқалади ва ички органларни зарарлайди.

Касаллик 6 ойгача бўлган бузоқ, қўзи, чучқа болалари, кўпроқ 3 ойгача бўлган жўжаларда учрайди. Шунингдек, моддалар алмашинувининг бузилиши ва авитаминоз натижасида кучсизланган катта ёшдаги ҳайвонлар ҳам касалланади. Кандидамикоз кўп ҳолларда дисбактериоз ва айрим юқумли касалликлар (сил)ни оғирлаштиради. Касаллик манбаи — касал ҳайвон. Кандидамикоз пайдо бўлишига ҳайвонларни сифатсиз озиқлантириш, организмнинг умумий заифлашуви, узоқ муддат антибиотиклар билан даволаш сабаб бўлади.

Кандидамикознинг яширин даври 3—15 кун. Касалланган жўжаларда иштаҳа йўқолади, ҳолсизланади, патлари тўзийди, ичи кетади, бир жойга тўпланиб туради. Уларнинг жиғилдони ушлаб кўрилганда қаттиқлашган ва оғриқли бўлади, озуқани ютиши қийинлашади. Касалланган жўжалар 100% гача нобуд бўлади. Қўзи, улоқ, бузоқ ва чўчқа болаларида кўзидан ёш оқади, тил, танглай, томоқ ва бурун шиллиқ қаватида оқиш-кулранг парда пайдо бўлади, унинг тушиб кетиши билан ўрнида яра ҳосил бўлади.

Д а в о л а ш : озуқага ёки қатиққа нистатин сульфаниламид препарати (бир кг вазнга 10—100 мг миқдорида) қўшиб берилади.

Олдини о л иш : ҳайвонларни зоогигиена талабларига қатъий риоя этган ҳолда витаминларга бой озуқалар билан боқиш. Касаллик аниклангандан сўнг касал ҳайвонлар ажратилади, молхоналар ва жиҳозлар 1 %ли каустик сода ёки 2%ли формалин эритмаси билан дезинфекция қилинади.

Саидқосим Арифов, Абдулла Куранбоев.