КАМПАЛА — Уганда пойтахти. Марказий провинциянинг маъмурий маркази. Виктория кўлининг шим. соҳиллари яқинида 1300 м гача бўлган баландликда жойлашган. Аҳолиси 902,9 минг киши (2000). Иклими экваториал муссонли иклим, янв. нинг ўр-тача т-раси 22°, июлники 20°. Йилига ўртача 1500 мм ёғин тушади.
Кампала — мамлакатнинг муҳим сиёсий, маданий, молия, савдо-саноат маркази. Автомобиль йўллари тугуни. Т. й. орқали Ҳинд океани соҳилидаги Момбаса (Кения) порти билан боғланган. Шаҳардан 35 км жан. да халқаро аэропорт жойлашган. Озиқ-овқат, кимё, фармацевтика, кўн пойабзал саноати ривожланган. Металлсозлик, ёғочсозлик, тўқимачилик саноати корхоналари, автомобиль ремонти устахоналари бор. Шаҳарга 1890 й. да инглизлар томонидан қалъа сифатида асос солинган. К. Буганданинг савдо маркази сифатида ривожланди. 1962 й. дан мустақил Уганда пойтахти. Шаҳар тепаликларда жойлашганлиги сабабли ягона режа асосида қурилмаган.
Кампалада Макерере унти (1922; 1970 й. дан Уганда миллий ун-ти), нафис санъат мактаби, тиббиёт билим юрти, пед. ва техника коллежлари, Уганда илмий жамияти, Уганда музейи, бадиий галерея бор.