КАЛЬВИНИЗМ

КАЛЬВИНИЗМ — протестантизмдаги йўналишлардан бири. Асосчиси Ж. Кальвин. Реформация натижасида 16-а. да Женевада вужудга келиб, Франция, Нидерландия, Шотландия, Англия ва б. мамлакатларга тарқалган. Кальвинизм таълимотига фақат Муқаддас ёзувни тан олиш, илоҳий қисматга ишониш, одамларнинг нажот топишида руҳонийларнинг ёрдами зарурлигини инкор этиш, хоч ва иконага сажда қилишни рад этиш, черков маросимларини соддалаштириш (ибодат пайтида диний мусиқа чалмаслик, шам ёқмаслик, черков деворларида тасвирлар бўлмаслиги) хос. Кальвинизм бир неча тармоқларга бўлиниб кетган. Кальвинизмнинг ҳоз. замон тарафдорлари — кальвинистлар, реформатлар, пресвитерианлар, конгрегационалистлар.