КАЛТАМИНОР

КАЛТАМИНОР — Хивадаги меъморий ёдгорлик. Муҳаммад Аминхон мадрасасининг олд томонида жойлашган. Ўрта Осиёда энг катта ва баланд қилиб қуриш мўлжалланган (тахм. 70—80 м). 1852 й. қурила бошланиб 1855 й. да хоннинг вафоти туфайли чала қолган (номи шундан). Ҳозир Калтаминорнинг бал. 26 м, асосининг диаметри — 14.2 м. Безагида оқ, яшил, феруза рангли кошинлар қўлланилган (феруза рангли кошин кўп ишлатилганидан кўкминор деб ҳам аталади). Хива ш. нинг 2500 йиллиги арафасида (1996—97) Калтаминорнинг кошинкори безаклари тўлиқ таъмирланди ва ундаги «настаълиқ» ёзувлари қайта тикланди.