КАЛТАМИНОР МАДАНИЯТИ

КАЛТАМИНОР МАДАНИЯТИ — Ўзбекистонда неолит даврига оид биринчи топилган археологик маданият (мил. ав. 7—3-минг йиллик). Калтаминор кўли ёнидан топилган. 1939—40 ва 1945 й. лар Хоразм археология-этнография экспедицияси текширган. Калтаминор маданияти Амударёнинг қад. Оқчадарё дельтаси, Қизилқум, Юқори Ўзбой, Моҳондарё, Оролнинг шим.-шарқий бўйларида, Қозоғистон ва шарқий Каспий, яъни Балхан ва Манқишлоқ ҳудудларигача тарқалган. Албатта, бу жуда катта ҳудудда ягона бир оилага оид одамлар яшаган эмас, бу ерларда бир-бирига яқин бўлган қабилалар яшаган дейиш тўғри бўлади. Яқинлик, асосан, тош қуролларда яхши кўринади. Тош қуролларни, ясаш техникаси ва унинг типларида ўхшашлик фарқлар эса сопол идишларда, яъни унинг безакларида — безак буюмларда, тақинчоқларда кўринади. Асосий қуролларининг ўхшашлиги ва фарқларини сақлаб қолган қуроллар — шу воҳаларда бирбирига ўхшаш, бир хил турмуш тарзига эга бўлган уруғлар бўлганлигини кўрсатади. Булар Оқчадарё, қуйи Зарафшон, Лавлакон, юқори Ўзбой, Устюрт гуруҳларидан иборат. Шу ҳудудларда ящаган неолит одамлари 7—3-минг йилликда яшаб овчилик, темирчилик ва балиқчилик билан тирикчилик ўтказишган. Овчилик, теримчилик ва балиқчилик билан боғлиқ қуролларни ишлаш техникаси неолит даврида энг чўққига чиққан давр ҳисобланади. Қирғичлар, кесувчи, тешувчи қуроллар, ўқ-ёйлар, камон ўқлари ва шунга ўхшаш қуролларни ясаш энг такомиллашган давр ҳисобланади. Микролит қуролларининг пайдо бўлиши, суякдан ва ёғочдан яна ҳам такомиллашган қуроллар ясаш имкониятини берган. Археологлар, асосан, шу микролитлар ва ўқёйни ясалишига асосланиб неолит даврини даврларга ажратганлар. Калтаминор маданиятини ҳам 3 даврга бўлиб ўрганилган. Калтаминор маданиятининг илк даври 7—5 минг йилликка тўғри келади. Бу даврга хос ёдгорликлар Зарафшоннинг қуйи оқимида, Қизилқумнинг Лавлакон ва Караката, жан.-шарқий Устюртда топилган ва ўрганилган. Калтаминор маданиятининг ўрта даври 6—5-минг йилликка тўғри келади. Бу даврга оид манзилгоҳлар бутун Қизилқум ва унга яқин бўлган ҳудудлардан топилган. Калтаминор маданиятининг охирги даври 4—3 минг йилликка тўғри келади. Бу даврга оид ёдгорликларга Қозоғистон ҳудудларидаги манзилгохлар киради.

Калтаминор маданиятини тавсифлаб бериш, уни даврларга ажратиш ҳам, асосан, сопол идишларни ишлаш техникаси, унга безак беришга асосланган. Бутун Калтаминор маданиятига оид сопол идишлар қўлда ишланган бўлиб, безаклар, сопол идишлар ҳали лойлигида ёғоч билан чизиб, дарё ва денгиз тўлқинига, арча игналарига ўхшаш безак берилган, кейин оловда пиширилган. Идишларнинг шакли косасимон ёки қозонсимон бўлиб, илк даврига оид идишлар таги ясси бўлмасдан, қумга ботириб қўйишга мўлжалланган конус шаклида бўлган. Сопол идишни ихтиро қилиниши Калтаминор маданиятига мансуб аҳолининг овқат пиширишини осонлаштирди. Энди қозоннинг тагига олов ёқиб пишириш имконияти туғилди. Одамлар чайлаларда яшаб, ўчоқлар қуриб ўчоқларда, сопол қозонларда овқат пишириб, идишларга қуйиб овқатланадиган бўлишди. Бу жуда катта ихтиро бўлиб, кишилик тарихида фақат неолит давридан бошлаб шундай яшаш имкониятига эга бўлдилар. Неолит даврида булардан ташқари тикувчилик, кемасозлик ҳам юксалди. Калтаминор маданиятига мансуб ахрли табиат яратган нарсани шундайлигича қабул қилганлар. И. ч. иқтисодиётига ўта олмаганлар, яъни чорвачилик ёки деҳқончилик билан шуғуллана олмаганлар.

Ад.: Гулямов Я. Г., Исламов У., Аскаров А., Первобытная культура и возникновение орошаемого земледелия в низовьях Зарафшана, Т., 1966; Виноградов А. В., Древние охотники и рыболовы Среднеазиатского междуречья, М., 1981; Толстов С. П., Древний Хорезм, М., 1948.

Ўткир Исломов.