КАЛТАКЕСАКЧАЛАР

КАЛТАКЕСАКЧАЛАР (Eremias) – калтакесаклар уруғи. 45 тури бор. Африка, Осиё ва Европада тарқалган. Ўзбекистонда 9 тача тури учрайди. Асосан, тангачалари ва бошидаги қалқонларининг тузилиши, сон тешикчалари бўлиши билан бошқа калтакесаклар уруғидан фаркланади. Калтакесакчалар — кундузги ҳайвон. Чўл, ярим чўл ва тошлоқ ерларда, Никольский калтакесакчаси тоғларнинг 1000—3000 м гача баланд жойларида, баъзи турлари этакларида яшайди. Калтакесакчалар ҳашарот ва майда умуртқасизларни қириб, фойда келтиради. Тоғдаги совуқ шароитда яшайдиган кўзли калтакесакчадан ташқари, барча Калтакесакчалар тухум қўйиб кўпаяди. Кўзли калтакесакча тухумдан тирик туғади. Ўзбекистонда илдам калтакесакча, ранг-баранг калтакесакча, тўгаракбош калтакесакча ва ҳ. к. кенг тарқалган.