КАЛОРИЯЛИЛИК

КАЛОРИЯЛИЛИК — 1) озиқ-овқат маҳсулотларининг калориялилиги — озиқ моддалар (оқсиллар, ёғлар ва углеводлар)да тўпланган энергия; озиқовқат маҳсулотларининг энергиявий қиймати (кал — калория ва ккал — килокалорияда ифодаланади). Озиқ-овқат маҳсулотларини қиёсий баҳолашда; овқатланишни режалаштиришда, парҳез таомларни тавсия килиш ва б. да қўлланади. Калориялилик маҳсулотда оксидланмаган углерод ва водород атомлари мавжудлиги билан аниқланади. Мас, ёғ молекуласида оксидланмаган углерод ва водород атомлари углерод ва оқсиллардагига нисбатан кўпроқ бўлади; 1г ёғ 9,3 ккал (1 ккал=4,1868-103 Ж), 1 г углевод 4,1 ккал, 1 г оқсил хам 4,1 ккал. Баъзи маҳсулотларнинг (ЮОг) Калориялилики (ккал да) қуйидагича: сут (кефир, чучук қатиқ) — 62; сариёғ — 734; сифатли мол гўшти — 154; сифатли қўй гўшти — 206; тухум — 150; кўк пиёз — 21; тузланмаган бодринг — 15; картошка — 89; карам — 27; сабзи — 36; олма — 48; қанд — 320; буғдой унидан ёпилган нон — 230 ва б.

Турли касб ва ёшдаги, ҳар хил жинсдаги кишиларнинг энергия сарфи билан боғлиқ равишда истеъмол қилинадиган таомлар микдорини белгилашда Калориялиликни билиш жуда асқотади. Озиқ-овқат маҳсулотлари ичида калорияси энг юқори бўлган маҳсулот ўсимлик мойи (872 ккал), энг паст бўлган маҳсулот — оқ карам (27 ккал). СИ бирлигида Калориялилик бирлиги кЖ/100 г ҳисобида ифодаланади. Осонқийинлиги ўртача бўлган ишда ишлайдиган ўрта ёшли одам учун бир кеча-кундузда 3 минг ккал зарур бўлади.

Чорвачиликда — ем-хашакнинг озуқалик даражасини белгилашда, қ. ҳ. ҳайвонларини боқишда, ем бериш меъёрини (рационини) аниқлашда ҳам Калориялилик асосий мезон бўлади. 2005 ккал алмашинуви энергия (озуқа таркибидаги моддаларнинг ҳайвон организмида ҳазм бўлиб, қон ва лимфаларга сингган кисми энергияси) 1 энергетик озуқа бирлиги (10,5 мегажоуль) сифатида кабул килинган.

2) ёқилғи (ёки ёнилғи) тўлиқ ёнганда ажралиб чиқадиган иссиқлик миқдори (Ж ёки кал да ифодаланади).