КАЛОМ

КАЛОМ (араб. — равон нутқ, жумла, ran, сўз) — ислом илоҳиёт илми. 8-а. да араб халифалигида пайдо бўлган. Калом ислом диний таълимотини асослашга ҳаракат қилади. Калом тарафдорлари мута-каллимлар дейилади. Калом илоҳиётчилари файласуф бўлмаганлар. Калом умавийлар ҳукмронлиги даврида расмий ҳокимият билан хорижийлар, шиалар, муржиъийлар ва б. диний-сиёсий гурухлар орасида юз берган ижтимоий-сиёсий воқеалар, баҳслар жараёнида пайдо бўлди ва тараққий қилди. Сиёсий кураш диний шиорлар остида олиб борилганлиги сабабли Аллоҳ адолати (адл), мавжуд воқелик Аллоҳ тарафидан яратилганми ва уни ўзгартириш мумкинми (қадар), кимни имонли ёки гуноҳкор деб ҳисоблаб, жазолаш керак (имон) ва ҳ. к. долзарб масалалар эди. Каломга хос услуб ва мавзулар мажмуи биринчи бор ал-Жаъд ибн Дирҳам (742 й. қатл этилган) ижодида кузатилади. У услубда доимо ақл-идрокка таяниш талабини илгари сурди ва фақат инсон ақли ожизлик қилган ҳоллардагина Қуръон оятларини рамзий-мажозий маънода талқин қилиш (таъвил) мумкин, деб ҳисоблади. Жаҳм ибн Сафвон (745 й. қатл этилган), АбулҲузайл (841 ёки 849 й. в. э.) ва Бишр ибн ал-Муътамир (825 й. дан сўнг вафот этган) унинг ғояларини ривожлантирдилар. Жаҳмнинг қарашлари муътазилийларга яқин бўлгани боис, одатда, бу икки таълимотни бир-биридан фаркламайдилар. Калом тарихида муътазилийлар мактаби таълимоти муҳим ўрин эгаллайди. Уларнинг таълимоти ал-Маъмун (827—848) даврида «давлат таълимоти» даражасига кўтарилган бўлса, ал-Мутаваккил (847—861) даврида таъқибга учради.

Маълум вақтгача суннийликда муътазилийларнинг фалсафий далилларига қарши курашда ғоявий қурол ролини ўйнаши мумкин бўлган ақрид тизими мавжуд эмас эди ва фақат Қуръон ҳамда хадисларга ҳавола қилиш билан чекланиларди. Айнан муътазилийлар ўзларининг мантиқий-фалсафий исботлаш услублари билан ҳақиқий ислом йўли шаклланишига бевосита таъсир кўрсатди. Бундай тизим 10-а. га келиб ишлаб чиқилди ва уни Каломни ақидапарастлар билан муросага келтиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган ал-Ашъарий (873 — 935) ва алМотуридий (870—944) амалга оширди. Натижада Каломнинг ашъария ва мотуридийлик мактаби вужудга келди.

Ал-Боқилоний (1013 й. в. э.), ал-Жувайний (1085 й. в. э.), аш-Шаҳристоний (1153 й. в. э.) ва ар-Розий (1209 й. в. э.)лар ашъария мактабининг йирик намояндаларидир. Ашъарийлар зоҳиран ўзларини муътазилийларга қарши қўйиб, ҳанбалийлар билан муроса қилишга интилган бўлсаларда, дунёқараши бўйича муътазилийларнинг акл-идрокка асосланган йўлини давом эттирди. Каломнинг иккинчи йирик мактаби — мотуридийлик ҳам мустақил тарзда тараққий этди. Ашъария мактаби, асосан, шофиъийлар (қ. Шофиъишшк) орасида тарқалган бўлса, мотуридийлик ҳанафийлик доираларида кўплаб тарафдорларга эга бўлди ва, хусусан, Мовароуннаҳр мусулмонларининг асосий ақидасига айланди.

13-а. дан Калом Ибн Сино асос солган шарқ фалсафаси билан яқинлаша бошлади. Натижада, Ибн Халдун таъбири билан айтганда, Калом ва фалсафани бир биридан ажратиш мушкул бўлиб қолди. Бу ҳол Байдовий (1286 й. в. э.), Исфаҳоний (1349 й. в. э.), Ижий (1355 й. в. э.), Тафтазоний (1390 й. в. э.), Журжоний (1413 й. в. э.)лар ижодида ўз ифодасини топди. Янги ва энг янги даврларда Жамолиддин ал-Афғоний, Муҳаммад Абду, Аҳмад Амин, Ҳасан Ҳанафий каби мусулмон ислоҳотчиларининг асарларида Калом ва, айниқса, муътазилийлар ғоялари мафкуравий асос вазифасини бажариб келди.

Аҳаджон Ҳасанов.