КАЛОБОДИЙ

КАЛОБОДИЙ (ёки ал-Калобозий) , Абу Бакр Муҳаммад ибн Исҳоқ алБухорий [(?, Калобод (Бухоро ш. яқинида)—990 ёки 995, ?)] — ҳанафийлик фақиҳи, тасаввуф бўйича араб тилида ёзилган энг машҳур илк асарлардан бирининг муаллифи. Бухорода вафот этган деб тахмин қилинади. Калободий ҳуқуқни Муҳаммад ибн Фадладан ўрганган, суфий шайх Қосим Фарисга шогирд тушган. Калободий ёзган 5 ёки 6 асардан 2 таси бизгача етиб келган. Пайғамбарнинг баъзи ҳадисларига ахлоқий тусдаги қисқа шарҳ — «Маъоний ал-ахбор ва ат-таъарруф ли-мазҳаб ахл ат-тасаввуф» («Хабарлар маънолари ва тасаввуф аҳли мазҳаби билан танишиш китоби») исломнинг биринчи уч асрида тасаввуфни ўрганишда асосий асарлардан бири бўлди. Китобни суфийларнинг кейинги авлодлари юқори баҳолаган. Хусусан, шайх Яҳё ас-Сухравардий ал-Мақтул (1191 й. в. э.) «агар «Ат-Таъарруф» бўлмаганда тасаввуфдан бехабар қолардик» деган эди. Суфийларнинг қарашлари ва амалиёт усули баён этилган бу асарда тасаввуфнинг ислом ақидаларига тўғри келмайдиган жиҳатларини келиштиришга уриниш бор эди. Бунда тасаввуф бутунлай «тақводорлик» доирасидан чиқмайди, у ўзининг диндорлик йўлига шубҳа туғдирмайди деб тушунтирилган. Асар 75 бобдан иборат, уни 3 қисмга бўлиш мумкин: биринчи — тарихий қисмида суфий ва тасаввуф тушунчасига таъриф берилади, машҳур мутасаввифлар, уларнинг тасаввуфии жасоратлари ҳақида ҳикоя ва ривоятлар; иккинчи — диний ақидаларни ҳимоя қилувчи қисмида суфийлик ақоиди усули, мутасаввифлар тақводорлигининг исботи; учинчи — тасаввуф амалиёти қисмида тасаввуф йўлининг асосий босқичлари, суфийлар ўртасида қабул қилинган баъзи атамалар баён қилинади. Калободий асарига кўплаб шарҳлар ёзилди. Абу Иброҳим Исмоил ибн Муҳаммад ал-Мустамлийнинг (1042 й. в. э.) форс тилида ёзган «Hyp ал-мурийдий («Муридлар нури») асари шуҳрат қозонди. (Муаллиф К. билан ватандош бўлган. Шу туфайли уни Калободийга шогирд бўлиши керак деб ҳисоблашади). Бу шарҳ тасаввуф тарихига оид манба сифатида деярли оригинал асардан қолишмайди. Унинг фиҳристларидан бири 1081 й. 7 апр. да кўчирилган, бу бизгача етиб келган қад. форсий қўлёзмалардан иккинчиси ҳисобланади.