КАЛМАРАЗ

КАЛМАРАЗ, ўсимликлар калмарази, парша — аксарият замбуруғлар (баъзан бактериялар) қўзғатадиган касаллик. Асосан, ўсимликларнинг устки тўқималари шикастланади. Кутикула ёки новдаларда доғлар, яралар, буқоқлар пайдо бўлади. Кўпчилик қ. х. экинлари касалланади. Калмараз кўпроқ олма, нок, картошка ва цитрус экинлари (лимон, апельсин)да учрайди. Олма, нок дарахтлари Калмаразни Venturia inaeguaties ва V. pinna замбуруғлари қўзғатади. Олмада барг ва мевалар, нокда новдалар ҳам зарарланади. Дарахтларнинг баргларида кулранг тўгарак доғлар ҳосил бўлади, барг шапалоғининг орқа томонида доғлар тўқ яшил рангли бахмалсимон ғубор билан қопланади. Меваларда эса ғубор билан қопланган кумушранг ҳошияли қўнғир доғлар пайдо бўлади. Бу доғлар кейинчалик кенгайиб, кўпинча бир-бирига туташади. Касалланган барглар тўкилади. Меванинг шикастланган жойидаги тўқималари ёғочсимон бўлиб қолади, касаллик янада авж олиб кетганда бу жойлар ёрилади. Калмараз билан касалланган дарахтларнинг ҳосили камаяди, мевалари сифатсиз бўлиб қолади.

Картошка Калмаразни акциномицетлар (оддий Калмараз қўзғатувчиси — Actinomuces scabies, A. tricolor ва б.), замбуруғлар [ғуборли Калмараз қўзғатувчиси — Spongospora subterranea), қора Калмараз (ризокотониоз) қўзғатувчиси — Rhizoctonia solani] ҳар хил турлари қўзғатади. Туганаклари зарарланади.

Кураш чоралари: кузда ерга тўкилган мевалар йиғиб олиниб, йўқотилади ва боғ қатор оралари шудгорланади. Кўкламда, куртаклар бурта бошлаганда дарахтларга 3% ли бордо суюклиги пуркалади. Баҳорда ёғингарчилик кўп бўлган йилларда дарахтлар гулдан тушганидан кейин 1% ли бордо суюқлиги пуркалади. Картошка Калмаразга қарши курашда касалликка чидамли навларни танлаш, уруғликни фунгицидлар билан ишлов бериб экиш, агротехника тадбирларига қатъий риоя қилиш керак.

Султон Алимуҳамеоов.