КАЛЛАМОЗОР СВИТАСИ

КАЛЛАМОЗОР СВИТАСИ — Ўзбекистон жан. ва жан.-ғарбидаги ўрта альб ётқизиқлари таркибидаги стратиграфик бирлик, ўзбек олимлари О. М. Акрам-хўжаев, О. Эгамбердиев ва Ҳ. Ҳ. Миркамоловлар томонидан алоҳида свита қилиб ажратилган (1971). Калламозор свитаси Шеробод яқинидаги Калламозор қишлоғи номи билан аталган, умумий қалинлиги 60 — 68 м ли алевролит, қумтош, гилтош ва чиғаноқли оҳактошлардан таркиб топган. Ётқизикларда учрайдиган фауна қолдикдари (аммонитлар, пелециподалар, фораминифералар) Калламозор свитаси ўрта альб ёшига тааллуқли эканидан далолат беради. Шим. га томон гилтошлар ўрнини алевролит ва қумтошлар эгаллаб боради. Боботоғ ва Қаршитоғ атрофларида қизил қумтош ва кварц гравелитлар бор. Муҳим стратиграфик ва литологик аҳамиятга эга.