КАЛЛА

КАЛЛА, бош — одам гавдасининг юқори ва ҳайвонлар гавдасининг олдинги қисми; пастки жағнинг остки чети ва кўтарилувчи тармоғи, сўрғичсимон ўсиқучи, энса суягининг кўндаланг жойлашган ғадир-будир ва ташқи дўмбоғи б-н бўйин соҳасида ажралган. Каллада нерв системасининг олий бўлими, баъзи сезув аъзолари, шунингдек, овқат ҳазм қилиш ва нафас системасининг олдинги бўлимлари жойлашган. Одам ва юксак ҳайвонлар Калласи калла суягидан иборат бўлиб, у мия ва юз қисмларидан ташкил топган. Унда ҳаётий муҳим ҳамда мураккаб (инсонда тафаккур) вазифаларни бажарадиган бош мия ўрнашган. Каллада мувозанат аъзолари, эндокрин безлар (қ. Ички секреция) — гипофиз, эпифиз, шунингдек, сезги, ҳид билув, кўрув, эшитув аъзолари, овқат ҳазм қилиш системасининг бошланиш қисми — оғиз бўшлиғи (сўлак безлари, чайнаш аппарати), юқори нафас йўллари, бурун бўшлиғи, овоз бойламлари ва б. жойлашган. Бу аъзоларнинг Каллада бўлиши одамнинг тарихий ривожланиши билан боғлиқ. Одамнинг бош мияси жуда яхши тараққий этганлиги, одам икки оёқда туриб, гавдасини тик тутадиган бўлганлиги, қўл меҳнат аъзосига айланганлиги боис Калла ўзига хос анатомик хусусиятларни касб этган (қ. Килла суяги).